Янги маърифий нашрлар тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда мамлакатимизда ислом динининг тинчликпарвар, маърифатпарвар ғояларини тўғри тушунтириш, улуғ мутафаккир аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш борасида ибратли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида улуғ аллома боболаримизнинг ҳаёти, илмий фаолияти, меросини содда, равон тарзда тарғиб этиш, бу борада китоблар ва рисолаларни яратиш, уларни чоп этиш муҳим экани алоҳида қайд этилган эди.

Тақдимотда Марказ томонидан 2023 йил давомида нашрга тайёрланган Имом Бухорийнинг “Ат-Тарихус сағир”, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Хотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий”, Абу Азабанинг “Ар-Равзатул баҳийя фийма байнал ашоъира вал мотуридийя”, Имом Доримийнинг “Сунани Доримий”, Алоуддин Косонийнинг “Косоний ақидаси”, Саййид Абдулможид Ғаврийнинг “Ҳадис илми истилоҳлари энциклопедияси” асарлари, шунингдек, “Ислом динида тинчлик” ва “Ғулувнинг хатарлари” номли рисолалар тақдим этилди.
Тақдимот тадбирида сўзга чиққанлар Имом Бухорий ва аллома аждодларимиз меросини ўрганишнинг аҳамияти, тақдим этилаётган китобларнинг бугунги кундаги илмий қиймати, мутафаккирлар асарларини тадқиқ этишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалари, шунингдек, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлади.
Айтиш керакки, ўтган давр давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида жами 1400 га яқин маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. 2017-2023 йиллар мобайнида аждодларимиз илмий меросига оид 22 номдаги ноёб манбалар таржимаси (шундан 9 таси 2023 йилда) амалга оширилди.

“Алломаларимиз ҳақида 10 ҳақиқат” туркумидаги кўргазмали воситалар 20 мингдан ортиқ муассаса ва ташкилотга, шунингдек, жаҳон илмий ҳамжамиятини буюк аждодларимиз мероси билан яқиндан таништириш мақсадида Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари мажмуаси, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази ва бошқа турдош халқаро ҳамкор ташкилотларга нашр этилган янги асарлар етказилди.
Тадбирда Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари мажмуаси Бош котиби, доктор Муҳаммад Назир Айяд ҳамда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) Бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Қилич видео шаклида табрик йўллади. Тақдим этилаётган янги нашрларга Марказ илмий фаолиятининг ёрқин натижаси сифатида юксак баҳо берди.
Олиб бораётган тадқиқот ва таржималар аллома аждодларимиз меросини тиклаш, замондошларимизни улар қолдирган бой маънавий хазинадан кўпроқ, тўлиқроқ баҳраманд этиш ва пировардида ислом илмини янада тараққий топтиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Тақдимотнинг асосий маърузачилари буюк аждодларимизнинг илмий мероси айни кунгача дунё мусулмонлари ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб келаётганини, хусусан, юртимиздан чиққан алломаларнинг ислом илмлари ривожига муносиб ҳисса қўшганини эътироф этди.
Дарҳақиқат, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолалар исломнинг асл қадрият ва тамойилларини ҳамда инсонпарварлик ғояларини тараннум этишда, замонлар оша юксак қадр-қимматга эга бўлиб бораётган асарларнинг туб моҳиятини очиб беришда муҳим дастуриламалдир.
Ўзбек тилида тақдим қилинган мазкур асарлар мутафаккирларимиз илмий қарашлари маъносини янада яхшироқ англашга, улар таълимотини чуқурроқ тушунишга асос бўлиб хизмат қилиши аниқ.
Н.Усмонова, ЎзА