Янги мақсад ва ўзаро манфаатлар уйғунлиги
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг қутбли ҳамкорликларни олиб борилиши, нафақат минтақада, балки жаҳон мамлакатлари орасида ҳам Ўзбекистоннинг янги имижини шакллантирди.
Бунинг исботини биргина Ўзбекистон ва Италия ўртасида сўнгги йилларда олиб борилаётган иқтисодий ҳамда сиёсий ҳамкорлик алоқаларини ривожланганлигидан ҳам кўриш мумкин. Икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробарга, қўшма корхона ва лойиҳалар сони икки баробарга кўпайган. Шунингдек, металлургия, электротехника, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва туризм соҳалари йўлга қўйилди. Маданият, санъат ва таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликда кўргазма ва маданият кунлари ўтказилди, олий таълим муассасалари ректорлари форумлари юқори савияда ташкил этилди.

Бугун ўзаро боғлиқ дунёда узоқ истиқболли дастурларни ишлаб чиқиш, Ғарб ва Шарқ ўртасидаги транзит алоқаларни кенгайтириш, хавфсизликни таъминлаш ва миграция оқимини тартибга солиш заруратининг ортиши минтақавий мулоқот ва ҳамкорлик қилиш аҳамиятини оширмоқда. Шу боис Марказий Осиё ва Европа минтақаси ўртасидаги стратегик шериклик алоқалари тобора яхшиланиб бормоқда.
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Италия” саммити ҳам Марказий Осиё ҳамда Европа иттифоқи ўртасида олиб борилаётган ҳамкорликнинг узвий давоми бўлди. Ўтказилган саммитда инвестиция ва технологиялар, “яшил” иқтисодиёт соҳаларида шерикликни ривожлантириш, таълим ва маданий дастурларни амалга оширишда самарали амалий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Саммит доирасида юртбошимиз манфаатли бўлган бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида доимий мулоқотларни давом эттириш, терроризм, экстремизм, радикализм, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда кўптомонлама форматларда ишчи механизмларни ва махсус хизматлар ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйишни таклиф этди.
Мамлакатимиз раҳбари тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун савдо ва инвестиция соҳасида янги имкониятлар очиш, бизнес-мулоқот учун доимий майдон яратиш мақсадида “Марказий Осиё – Италия” ишбилармонлар клубини тузиш ташаббусини илгари сурди. Қолаверса, кўп томонлама саноат ва технологик кооперация дастурини ишлаб чиқиш, “яшил” трансформация соҳасида кўптомонлама платформаларни ишга тушириш орқали кенг кўламли шерикликни ривожлантириш таклифини билдирди.
Шунинг баробарида, Европа давлатлари билан узоқ муддатли ва тенг манфаатли ҳамкорликлар олиб бориш Марказий Осиё давлатлари учун бирдек манфаатли бўлиб, ижтимоий-иқтисодий ҳаётни янада фаровонлаштиришга, ўзаро савдо ва инвестициялар оқимини ўсишига, “яшил иқтисодиёт” ва “яшил энергетика” улушини ортишига, таълим, маданият ва санъат уйғунлигини таъминлашга катта йўл очади.
Одилжон Маматкаримов,
Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар,
хорижий инвестициялар ва туризм масалалари
қўмитаси раиси ўринбосари,
ЎзА.