Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида янги Маънавият ва маърифат маскани фойдаланишга топширилди.
Юртимизда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2021 йил 26 март куни қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Қарорга кўра, ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида барча туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат маскани ташкил этиш белгиланган.
Туман ҳокимлиги мутасаддилари, сектор раҳбарлари, нуронийлар, ижодкорлар, ёшлар иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар бундай масканлар аҳоли ва ёшлар маънавиятини юксалтириш, аввало ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Масканда ижодкор ва китобхонлар учун кутубхона ва тадбирлар зали, тўгараклар ва туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси учун хизмат хоналари мавжуд бўлиб, барча шароит яратилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири