Янги мактаб — маҳалла келажагига сармоя
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида болажонлар учун яна бир қувончли воқеа юз берди. Янги йил арафасида тумандаги 3-сонли умумтаълим мактаби ҳудудида 180 ўринли қўшимча ўқув биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
“Очиқ бюджет” дастури асосида амалга оширилган ушбу лойиҳа нафақат ўқувчилар, балки бутун маҳалла ҳаёти учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, 2026 йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши режалаштирилмоқда. Бу эса таълим, тарбия ва маҳалла инфратузилмасини такомиллаштиришни жамият тараққиётининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида белгилайди. Зарбдор туманидаги мазкур қўшимча ўқув биносининг барпо этилиши ҳам ана шу мақсадлар билан уйғун тарзда амалга оширилгани билан аҳамиятлидир.
Янги бинода замонавий талабларга жавоб берадиган синф хоналари мавжуд бўлиб, ўқув жараёнини самарали ташкил этиш учун зарур жиҳозлар билан таъминланган. Бу эса мактабдаги ўқувчилар сони ортиб бораётган шароитда таълим сифатини ошириш, икки сменалик дарсларни қисқартириш ва болалар учун янада қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Қўшимча бино фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакиллари, фахрий педагоглар, кенг жамоатчилик, мактаб жамоаси, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди. Тадбир давомида иштирокчилар янги синфхоналар, яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, амалга оширилган ишларга ижобий баҳо беришди.
[gallery-26967]
Эътиборлиси, “Очиқ бюджет” дастури орқали аҳоли таклиф ва ташаббусларининг амалий натижа бериши маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни тобора ошиб бораётганини кўрсатади. Бу эса 2026 йилга мўлжалланган мақсадлар — маҳаллани фаол ижтимоий маконга айлантириш, инсон капиталига сармоя киритиш йўлида муҳим қадамдир.
Абдужалол Қаюмов (сурат), ЎзА мухбири