Янги лойиҳалар амалга оширилади
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ва К.Аденауэр номли жамғарманинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Ронни Хайне учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқотда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизда олиб борилаётган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ислоҳотлар ҳамда эришилган ютуқлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида қийноқлар масаласига алоҳида эътибор қаратилгани, Омбудсман институти зиммасига қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатлаш бўйича қатор вазифаларни юклаш билан бирга, унинг ваколатларини кенгайтириш масаласини ҳам илгари сурилаётгани Вакил томонидан қайд этилди.
Ронни Хайне сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлгани ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу кенгашнинг 46-сессиясида қилган маърузаси халқаро ҳамжамият томонидан юқори даражада баҳоланганлигини таъкидлади.
Суҳбат давомида Р.Хайне 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан жойларда ўқув-семинарларни ташкил этишда ҳамда Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги фаолияти самарадорлигини оширишда доимо ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтган учрашувда томонлар янги лойиҳалар хусусида фикр алмашди.
ЎзА