Ҳудудларни ривожлантириш, тадбиркорлик қилиш истаги бор аҳолига ўз бизнесларини бошлашлари учун амалий кўмак бериш ва бу орқали қўшимча янги иш ўринларини яратиш мақсадида Бухоро вилояти 4-сектор ҳудудларида босқичма-босқич янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Биргина мисол, Когон тумани “Сараён” маҳалла фуқаролар йиғинида ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларни доимий даромад манбаига эга қилиш мақсадида 4-сектор ҳамда ҳоким ёрдамчиси саъй-ҳаракати билан маҳалла марказида имтиёзли кредитлар эвазига ихчам енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди.
Мазкур шохобчалар очилиш маросимида маҳаллада бир қатор ижобий ўзгаришлар, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида қилинаётган ишлар, янги тадбиркорлик лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, “Ёшлар” ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган 6 нафар хотин-қизларга замонавий тикув машинаси топширилди. Бир гуруҳ маҳалла фаоллари ва намунали ҳудуд тадбиркорлари сектор раҳбарининг ташаккурномалари билан тақдирланди. Концерт дастури йиғилганларга манзур бўлди.
Таъкидлаш керакки, ушбу лойиҳа орқали кўплаб ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, доимий даромад манбаига эга бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА