Янги корхонада 200 киши ишли бўлди
Андижон вилоятида “Emery Pharma” масъулияти чекланган жамияти томонидан тиббий шприц ва система ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди.
Наврўз байрами куни Андижон тумани Жевачи маҳалласидаги фармацевтика зонасида иш бошлаган янги корхона очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов кейинги йилларда юртимизда, хусусан, Андижонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўлами ортиб бораётганлиги, бу юртимизга четдан олиб келинаётган тиббий маҳсулотларни камайтириш, қолаверса, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади.
Тадбиркор Сайдулло Дадахўжаев раҳбарлигида умумий қиймати 87,9 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида ташкил этилган мазкур корхонага хорижий давлатлардан замонавий жиҳоз ва ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Корхонада йилига қиймати 82 миллиард сўмга тенг 300 миллион дона бир маротабалик тиббий шпириц ва система ишлаб чиқарилади.
Икки қаватли, қарийб икки гектар майдонни эгаллаган мазкур корхонанинг ишга тушиши билан 200 киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Корхонада уларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.
[gallery-6256]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат) ЎзА,