Янги кўприклар қишлоққа кўрк бағишлайди
Азалдан йўл солган, кўприк қурган, сув келтирган элда азиз саналган. Бу борада Бухоро вилоятининг олис Олот туманида ҳам амалга оширилаётган ишлар кўлами ортмоқда. Авваллари таъмирталаб ва ўтиш хатарли бўлган кўприкдан қариялар, аёллар ва болалар ўз юмушлари билан бозор-ўчарга қатнаган бўлсалар, носоз кўприкдан автомашинада ўтиб-қайтиш ҳам хавфли эди. Бугунга келиб кўприклар қайта таъмирланмоқда.
Жорий йилда Қумкашон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4К-202 “Эшакчи қ. – Бахромбаёт қ” автомобиль йўлининг 13,4 км қисмидаги ҳамда Халифа маҳалласи Аму-Қоракўл канали устидан “Шайх Адиз бобо” қабристонига ўтувчи пиёдалар осма кўприги таъмирланиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммо ўз ечимини топмоқда. Халифа, Арабхона, Солоқоровул ҳамда Жайхунобод маҳаллаларини боғловчи кўприк Бухоро мунтазам йўллардан фойдаланиш давлат корхонаси томонидан қайта таъмирланмоқда. Кўприкнинг қайта қурилишига 10 дан ортиқ махсус техника ва 20 га яқин ишчи-мутахассис жалб қилинган.


Туман раҳбари Наргиза Неъматова кўприкларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
– Янги кўприклар аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, автомобиль қатнови масофасининг қисқариши ҳисобига маълум вақт ва маблағни тежаш имконини беради, – дейди туман йўллардан фойдаланиш давлат корхонаси директори Достонжон Каримов. – Муҳими, энди бу кўприклардан маҳалла аҳли ортиқча хавотирсиз ўз манзилларига бориб-келишлари мумкин бўлади.


Зариф Комилов, ЎзА мухбири.