Янги кон фойдаланишга топширилди
“Навоийуран” давлат корхонаси “Зафаробод” кон бошқармасининг 4-геотехнологик конига қарашли “Актау” кони фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги “2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Актау” конида руда қазиш майдонини қуриш” лойиҳасини амалга ошириш учун жорий йилда 2,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилди.
– “Актау” кони 4-геотехнологик кони базасидан ишчилар қўрғончасигача бўлган масофа 45 километрни ташкил қилади, – дейди “Навоийуран” ДК матбуот хизмати ходими Ўткир Ўсаров. – “Актау” конининг очилиши умумий ҳисобда корхона тасарруфидаги йигирманчи кон бўлиб, унинг захиралари дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 15 йилга етади.

Бугунги кунда “Актау” конида замонавий ишчилар қўрғончаси қурилди. Унда 40 кишига мўлжалланган замонавий жиҳозланган ошхона, тиббиёт хонаси, ишчилар кийиниш ва ювиниш хоналари, дам олиш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун маънавият ва спорт хоналари, ёзги дам олиш айвони қурилди. Қўрғонча атрофи ободонлаштирилиб, ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

– Ушбу кон истиқболли майдон бўлиб, 2021 йилдан дастлабки тажриба-саноат ишлари олиб борилди ва якунда ишлаб чиқаришда фойдали деб топилди, – дейди 4-геотехнологик кони бошлиғи Дилшод Худойбердиев. – Шундай қилиб, 2022 йилнинг август ойидан “Актау” конида бурғулаш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирда конда 4 та бурғулаш қурилмаси ишламоқда ва тайёр бурғуланган қудуқларда металл олиш учун пассив оксидлаш жараёни олиб бориляпти. Жорий йил сўнггига қадар тайёр қудуқлар сони 25 тага етказилади.

Коннинг биринчи босқичида 20 та иш ўрни яратилди. Аҳамиятлиси, кон тўлиқ циклда ишга тушиши билан яна 74 кишининг бандлиги таъминланади.
А.Бўриев, ЎзА