Янги китоб: “Улуғлар чорбоғи” – улкан маънавий хазина
Тарих – беназир дорилфунун, улкан тарихий шахслар ҳаёти эса улкан ҳаёт мактаби.
Адабиёт ва санъат ҳар бир инсон комил шахс бўлиб етишишида мислсиз аҳамиятга эга. Бинобарин, тарихий шахслар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш маънавий озиқ олиш юксак марраларни кўзлаган ёш авлод вакиллари, қолаверса яхши ниятли ҳар бир одам учун ҳам қарзу ҳам фарз.
Тафаккурини кенгайтиришга, маънавиятини юксалтиришга, онгини ўстиришга қизиққан ҳар бир одам эса бу тоғ булоқлари каби зилол ва шифобахш маьнавий чашмалардан ҳамиша баҳра олиб келган.
Адабиётнинг қудрати шундаки, у ҳар бир инсоннинг қалб қўрғонини забт эта олади, ҳаётий образлар орқали одамлар тафаккури ва онгини ўзгартиради.
Таниқли ижодкор Исмат Кўчиевнинг янги китобини ўқиб, кўнглимдан ана шундай тизгинсиз ўйлар кечди. Муаллиф асарда Имом ал-Бухорий, Темур Малик, Амир Темур, Алишер Навоий, Али Қушчи сингари тарихимизда шонли из қолдирган жасур ва аллома шахслардан ибрат олишга даъват қилади.
Ўзбек классик адабиётининг буюк намояндалари Машраб, Муқимий, Фурқат, Огаҳий, Нодира, Увайсийлар ҳақида бугунги китобхон етарли маълумотга эгами? Эҳтимол, уларнинг танланган асарлари китоб дўконларида тақчил экани, бундан ташқари мумтоз адабиёт вакиллари хусусида илмий тадқиқотлар ҳам кам яратилаётганлиги учун юқорида номлари саналган улуғ ижодкорлар фаолиятини яхши билмаймиз. Исмат Кўчиевнинг “Улуғлар чорбоғи” тўплами шу жиҳатдан ҳам ҳозирги ўқирманлар учун қимматли ҳисобланади.
Жадид адабиётининг намояндалари ХХ аср бошларида маданий ҳаётимизда инқилоб яратдилар. Уларнинг ташаббускор ва таниқли вакиллари Мунаввар Қори, Беҳбудий, Авлоний ижоди хусусида ҳам кўпчиликка номаълум маьлумотлар тўпланганлиги китобнинг эстетик қимматини янада оширган.
Ўзбек романчилигига тамал тошини қўйган буюк шахслардан бири Абдулла Қодирий, шўролар даврининг дастлабки йилларида қатағон қурбонлари бўлган Фитрат, Усмон Носир, Чўлпон ва бошқа ноёб истеъдод эгалари қисмати аянчли бўлди. Улар адабиёт боғида гулламасдан туриб сўлган хушбўй гуллар эмасмиди? Нега биз буюк талант соҳибларини асраб қололмадик? Эҳтимол, улар ўша даврга хос ноҳақликлар қурбони бўлгандир?
Ўзбек адабиёти хирмони шўролар даврида ҳам юксак бўлди. Ойбек, Ғафур Ғулом, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов каби наср усталари яратган «Навоий», «Шум бола», «Улуғбек хазинаси», «Нур борки, соя бор» сингари бадиий жиҳатдан пишиқ асарлар насримиз ривожига улкан ҳисса қўшди.
Исмат Кўчиев бу ижобий ҳодисани тўғри англаган ва бугунги китобхон қалбига ана шу истеъдодли носирлар асарларининг ғоявий ва бадиий қиммати нимада эканлигини кўрсатиб бера олган.
Таниқли шеърият вакиллари ҳақидаги қайдлар ҳам китобхон эътиборини жалб этади. Айниқса, Абдулла Орипов билан Эркин Воҳидов қаторида Рауф Парфи, Гулчеҳра Нуруллаева, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Раҳмон ва бошқа шоирлар ижодига доир фикрлар китобхонни бефарқ қолдирмайди. Рауф Парфи шеъриятига хос дард ва изтироблар таҳлили, лирик қаҳрамон руҳий оламидаги қарама-қаршиликлар, Г. Нуруллаева ижодидаги фалсафий фикрларга қоришган туйғуларнинг табиийлиги, Ҳ. Худойбердиева шеърларидаги образлилик, фикрлар мажозлар орқали изҳор этилганлиги каби фазилатлар улар асарларининг бадиийлигини таъминлаган омиллардир.
Шоир ва ижодкор Исмат Кўчиев бу жиҳатларни яхши илғаган ва турли муаллифларга атаб шеър битганда ана шу жиҳатларга урғу берган.
Исмат Кўчиевнинг шеърлари шунчаки ҳавас ҳосиласи эмас. Аксинча буюк аждодларимизга, адабиёт ва санъатнинг улуғ салафларига нисбатан қизғин меҳр-муҳаббатнинг инъикосидир.
Бор дардин куйлади ишқ деб йиғлаган,
Дунёнинг саргардон ошиқларини.
Ҳануз куйламоқда ер билан осмон
Ботир Зокировнинг қўшиқларини.
Машҳур эстрада хонандаси Ботир Зокиров ҳақида кўп асарлар ёзилган. Аммо у ҳақида деярли шеърлар яратилмаган. Исмат Кўчиевнинг сатрларида эса таниқли эстрада юлдузининг поэтик образи гавдаланади. Ҳатто унинг таржимаи ҳолига оид янги маьлумотлар ҳам ўрин олганлиги тўпламнинг бадиий ва эстетик қимматини таъминлаган. Шу жиҳатдан қараганда, Ботир Зокиров ҳаёти ва ижодига қизиқувчилар Исмат Кўчиевнинг янги китобини топиб ўқишларини маслаҳат берган бўлар эдим.
Бундан ташқари Комилжон Отаниёзов,Фахриддин Умаров, Таваккал Қодиров, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхонов каби улуғ саньаткорлар хусусидаги қайдлар ҳам китобхонда яхши таассурот қолдиришига шубҳа йўқ.
Ҳар бир миллий адабиёт тараққиётида адабий танқидчиликнинг роли ва аҳамияти беқиёсдир. Бинобарин, тўпламда ўзбек танқидчилигининг пешқадам вакилларидан бири Озод Шарофиддинов ҳаёти ва ижоди акс этган мақола эътиборни жалб этади. Унда Озод ака фаолиятига хос ҳаққонийлик, курашчанлик ва танқиднинг самимийлиги каби фазилатлар ҳам қамраб олинган.
Ўлмас Умарбеков, Шукур Холмирзаев, Тоҳир Малик ва бошқа ўнлаб ижодкорлар яратган роман, қисса ва ҳикоялар ҳозирги пайтда ҳам ўқувчиларнинг китоб жавонидан ўрин олган ва севимли асарларига айланганлиги сир эмас. «Одам бўлиш қийин», «Сўнгги бекат», «Шайтанат» сингари романларни аксарият китобхонлар ўқиб чиққанлиги табиий. Чунки бу асарларда давр фожиалари ҳаётий қаҳрамонлар характерларига сингдириб юборилган. Турли бадиий воситалар орқали адибларнинг ғоявий ўй-ниятлари очиб берилган. Исмат Кўчиевнинг китобидан жой олган қайдларда уларнинг ҳаётига, ижодига доир ана шу ижобий томонлар кўрсатиб берилганлиги диққатга сазовордир.
Умид қиламизки, «Улуғлар чорбоғи» тўплами Ўзбекистондаги китоб мухлислари қалбига ҳарорат ва эзгулик нурларини олиб киради.
Жовли Хушбоқ,
Ўзбекистон ёзувчилар
уюшмаси аъзоси, адабиётшунос