![](https://cdn.uza.uz/2021/10/06/04/02/z1BYmG0gRR40SYOV3trTNtVvmBQRcZPu_normal.jpg)
Судья у ёки бу жиноий хатти-ҳаракат ёхуд низоли ишга ҳуқуқий баҳо берар экан, қанчадан-қанча омилларни, сабаб-оқибатларни тош-тарозига солиб кўради, таҳлил қилади, шундан сўнггина ҳукм ёки қарор эълон қилади.
Ҳар бир суд мажлисининг якунида ўқиладиган ҳукм нафақат айбдорлар жинояти ёки қилмишига берилган ҳуқуқий баҳо, балки айни чоғда, судьянинг ўзи томонидан ўзига берилган баҳо ҳамдир.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан нашрга тайёрланган Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлигиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида чоп этилган “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” номли китоб янги Ўзбекистон, янги жамиятнинг судьяси қандай маънавий фазилатларга эга бўлиши лозимлиги, унинг маърифий қарашлари, одоби, давлат ва жамият олдидаги масъулияти мезонларини тарихий воқеликлар ҳамда бугунги давр нуқтаи назаридан таҳлил қилади. Яна бир эътиборли жиҳат, янги Ўзбекистонда рўй бераётган тарихий бурилиш палласида адолатни қарор топтиришга қодир бўлган судьянинг маънавий баркамоллигига кўмаклашиш энг асосий мақсад.
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялари, фуқаролик, иқтисодий ҳамда жиноят ишлари шаҳар ва туман, туманлараро судлари раислари ҳамда судьялари, суд ходимлари иштирокида ўтказилган навбатдаги маънавият соатида ушбу янги китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси Г.Базарбаева кириш сўзи билан очди. “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” номли судьялар маънавияти, тафаккури, дунёқараши, касбий малакаси ҳамда инсоний одоби ва ахлоқининг шаклланишига, шунингдек, масъулиятини оширишга хизмат қилувчи мақолалар, ривоятлар, ҳадислар, масаллар, шеърлар, ҳикоялар ва ҳикматли мақолалар уларнинг фаолиятида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Ушбу китобнинг мазмун ва моҳияти ҳақида сўз олган маърузачилар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоровнинг умумий таҳрири остида чоп этилганлигини, ҳуқуқий маърифий нашр бўлиб ҳисобланишини, ушбу китобни чоп этишдан кўзланган асосий мақсад – янги Ўзбекистонда рўй бераётган тарихий бурилиш палласида адолатни қарор топтиришга қодир бўлган судьянинг маънавий баркамоллигига кўмаклашиш эканлигини қайд этди. Мазкур китоб судьялар, суд тизими ходимлари, шунингдек, барча давлат органлари хизматчилари ҳамда кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Бундан ташқари мазкур китобда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг маърузаларидан келтирилган иқтибослар, буюк шоирлар асарлари, халқ мақоллари ва судьяларимизнинг судьялик касбий малакасини оширишда, ҳаётида, ишда ва фаолиятидан ташқари вақтларда зарур бўлган мақолалар ўрин олган.
Китоб ўқиш – олимлар томонидан инсон ақлий салоҳиятининг бир неча кун давомида юқори ҳолатда бўлишини исботлаган. Яна китоб ўқийдиган инсонлар маданий ва ижтимоий ҳаётда ҳам фаол бўлади. Мунтазам китоб мутолаа қиладиган одамларда фикрлаш қобилияти кучли бўлади.
Тадбирда китобнинг инсон камолотидаги аҳамияти ҳусусида сўз борди. Бундан сўнг, барча судьяларга янги нашр “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китоби топширилди.
![](https://cdn.uza.uz/2021/10/06/04/02/3wCC7kpSVJSX9ADmAyrMcbQnNmCXmSv3_front.jpg)
Гулайим Ғаниева,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг бош консультанти.
ЎзА