ЯНГИ КИТОБ: Галактикада бир кун
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ёш ижодкор Саъдулло Қуроновнинг “Академнашр” нашриётида чоп этилган “Галактикада бир кун” номли китобининг тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ёш ижодкор Саъдулло Қуроновнинг “Академнашр” нашриётида чоп этилган “Галактикада бир кун” номли китобининг тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, шоира Зулфия Мўминова ва бошқалар муаллифнинг ижодий фаолияти давомида эришган ютуқлари ва “Галактикада бир кун” асари ҳақида самимий фикрлар билдирди. Бугун ўзбек адабиётининг бўшаб қолаётган болалар насрига айнан ана шундай китоблар кераклиги таъкидланди.
– Саъдулла зиёли оилада туғилгани учун унда илмий салоҳият юқори эди, –деди адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев. – “Галактикада бир кун” китоби орқали мен уни болалар адабиётининг намояндаси сифатида кашф қилдим, унда бадиий иқтидор борлигини сездим. Илмий-фантастик асар ёзиш учун муаллифда қунт, ҳафсала бўлиши керак. Шунинг учунми, адабиётимизда бу турдаги асарлар ёзувчи Ҳожакбар Шайхов асарларидан сўнг бироз тўхтаб қолган эди. Бугун болалар адабиётида қўл билан саналадиган асарлар ёзиляпти. Ажаб эмас укамиз белини маҳкам боғлаб, ушбу кемтикни тўлдиришга киришиб кетса.

Китоб замонавий кўринишга эга, лотин графикасида чоп этилган. Китобдаги ҳар бир воқеа ўткир сюжетлар асосига қурилган. Қисса қаҳрамони ўн икки ёшли Аҳмад яратган ноёб фазо кемаси ерлик олимлар қолиб, ўзга сайёраликлар эътиборини тортади. У ўзи билмаган ҳолда галактикадаги ёвуз кучлар ва яхшиларнинг курашига аралашиб қолади.
Асарни ўқир экансиз, муаллиф маҳорати ва ўзгача ёндашуви эътиборигизни тортади, асар қаҳрамонлари билан галактикага саёҳат қиласиз. Ушбу бадиий асар ўн икки ёшдан юқори китобхонларга мутолаа учун тавсия этилади.
Китоб тақдимотида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Кавсар Турдиеванинг янги асар бадиий тили, услуби, болалар тарбияси ва дунёқарашидаги ўрни ҳақидаги маърузаси тингланди. Асар юзасидан берилган тарқатма саволларга тўғри жавоб берган болалар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.