Янги китоб: “Бу кунларни шеър қил, шоирим”
Таниқли шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби Зулфия Мўминованинг “Бу кунларни шеър қил, шоирим” номли янги китоби нашрдан чиқди.
Китобдан шоиранинг публицистик мақолалари, эссе ва бугунги кун нафаси уфуриб турган ўтлуғ шеърлари жой олган.
– Публицистик асар одатда ижодкорнинг жамият ва инсонлар ҳаётида муҳим аҳамиятга молик бўлган долзарб масалалар борасида китобхон билан дўстона, очиқ-ойдин мулоқот қилиш эҳтиёжи юзага келганида яратилади. Зулфия Мўминованинг “Бу кунларни шеър қил, шоирим” публицистик мақола ва эсселар тўплами айнан шундай характерга эга, - деб ёзади филология фанлари доктори, профессор Шоҳсанам Давронова.
Мақола, эсселарда акс этган дилномалар шунчаки туйғулар эмас, балки ижодкорни руҳлантирган воқеа-ҳодисаларнинг чуқур таҳлили ва илҳоми ифодасидир.
“Мустақиллик байрами арафасида набираларим билан “Янги Ўзбекистон” боғига бордик. Атроф шу қадар мусаффоки ҳавони бол каби симирасан. Республикамизнинг барча ҳудудларидан келган юртдошлар қиёфасида байрамона шукуҳ. Гўдакларнинг шодон қийқириғи она табиатнинг завқини орттираётгандек. Гулларга тўлган бу бўстонда болалар роса шўх-шодонликлар қилишиб, бирдан ўриндиқларда ўтирган бобо ва бувиларининг бағриларига ўзларини отади.
– Бувижон Ўзбекистонимни кўрдингизми? – деб сўрайди 5 ёшли набирам Саидаъзамхон.
– Қани сени Ўзбекистонинг?
– Мана менинг Ўзбекистоним, қаранг, қандай баланд, боши осмонга тегади, – дея у жажжи қўллари билан Мустақиллик монументини кўрсатди.
– Ҳа, жуда чиройли, жуда баланд, абадий шундай муҳташам бўлсин Она Ўзбекистон ва унинг мустақиллиги, – дейман, мен ҳам монументга қараб.
Ўзбекистоним десам,
Бошим тегар осмонга.
Бошим узра булутлар,
Айланади достонга.
Тонглар нурга уланган,
Тунлар сирга ўралган.
Она юртим эртаси,
Аллоҳимдан сўралган...”
Китоб бошдан охир беғараз туйғулар, самимий эътироф, дил изҳорларидан иборат.
“Қўлларингни бер, Мўйноқ” шеъри шундай бошланади:
Қанча довонлар ўтдик,
Қумли бўрондан ўтдик,
Наҳот сени унутдик,
Бизларни кечир, Мўйноқ,
Қўлларингни бер, Мўйноқ.
Шеърнинг якунига эътибор беринг:
БМТни қаратган,
Дунё нигоҳин тортган,
Кўзингдан қуминг артган,
Юртбошим эрур, Мўйноқ,
Қўлларингни бер, Мўноқ.
Гуллар бағринг чамани,
Эй, меҳримнинг маҳзани,
Ҳа, демайин ҳаммани,
Тўйларга чақир, Мўйноқ,
Қўлларингни бер, Мўйноқ...
Шоиранинг ушбу самимий сатрлари халқимиз дилидаги чўнг орзу ўлароқ янграйди.
Китобдан шоиранинг 70 га яқин мақола, эссе, қайднома, шеърлари ўрин олган. Мундарижа, мавзулар ранг-баранг. Аммо уларни яхлитлаштириб турадиган нуқта бор. Бу Она – Ватанга садоқат, унинг одамлари, урф-одатлари, ютуқларини жон қадар севиш, уларга чексиз муҳаббатдир.
“Бу кунларни шеър қил, шоирим” ёшларни Ватанни, унинг ер-суви, табиати, одамларини севишни ўргатадиган китоб. Албатта, ўқинг.
Алишер Нарзуллоев,
ЎзА