Янги ижтимоий объектлар аҳоли хизматида
Мустақиллик байрамини Қарши тумани аҳолиси шоду хуррамликда кутиб олди. Боиси байрам муносабати билан туманда кўплаб янги объектлар фойдаланишга топширилди.
Шулардан бири Қорақуччи маҳалласида жойлашган 53-оилавий поликлиникаси. Ушбу бино 978 миллион сўм эвазига капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Айтиш жоизки, мазкур оилавий поликлиника жамоаси туманнинг Кожор, Қорақуччи ва Лаганди МФЙларининг 14 минг 505 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатади.

Мазкур бирламчи тиббий-санитария муассасасида хирург, стоматолог, акушер-гинеколог, ультратовуш текшириш (УТТ) шифокори фаолият кўрсатаётгани аҳолини қувонтирмоқда. Муассаса тўлиқ рақамлаштирилиб, “электрон поликлиника” тизими йўлга қўйилмоқда.

Шу кунгача ўз биноси бўлмаган Кахлак МФЙ идораси учун янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бундан аҳоли жуда мамнун бўлди.
Тумандаги Ўзбекистон Мустақиллиги маҳалласида 3 миллиард 150 миллион сўм маблағ эвазига 70-йилларда қурилган жуда ҳам абгор ҳолатга келиб қолган болалар боғчаси қайта таъмирланиб, маҳалла аҳлига совға қилинди. Эндиликда маҳалладаги 180 нафар болажон замонавий боғчада таълим тарбия олади.



– Маҳалладаги ёш боласи бор оилаларнинг хурсандчилиги чексиз, – дейди тарбиячиси Машҳура Ҳайитова. – Кўп йиллар давомида шундай шароитлар бўлишини орзу қилганмиз.



Эътироф этиш керак, ушбу ўқув йилида анча эскирган мактабларда таълим олаётган тумандаги қатор маҳаллаларнинг болалари янги замонавий биноларда таълим олишади. Хусусан, туман инвестиция дастури асосида 63- ва 68-сонли мактабларда реконструкция ишлари, 12-,18-,35-сонли мактабларда эса мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, маҳалла аҳли хизматига топширилди.

Бунёдкор маҳалласида 6 миллиарддан ортиқ маблағ эвазига 844 ўринли 12-мактаб биноси мукаммал таъмирланди. Қорақуччининг жуда абгор ҳолатга келиб қолган 18-сонли мактаб биноси эса тўлиқ таъмирланиб, замонавий жиҳозланди. Бунга 4 миллиард 193 миллион сўм сарфланди.

Туман марказидан узоқ, Манғит маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 68-сонли мактабнинг фойдаланишга топширилиши янада қувончли бўлди. Ушбу мактабнинг янги биноси қурилган ҳудудда мактаб ёшидаги болалар эндиликда яшаш хонадонига яқин бўлган мактабга қатнашади.
Ушбу объектларнинг тантанали очилиш маросимида Қарши тумани ҳокими Беҳзоджон Юсупов иштирок этди.
Ўлмас Баротов, ЎзА