Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюси мамлакат жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Газета бош муҳаррири Салим Дониёров билан бўлган ушбу суҳбатда Президент Ш.Мирзиёев Ўзбекистоннинг охирги 5 йилликдаги ривожланиш йўли, ички ва ташқи сиёсати, ҳозирги куннинг устувор вазифаларига боғлиқ мавзулардаги саволларга батафсил жавоб берди. Интервью давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган фикрларни қисқача қилиб, Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги ривожланишига биринчи раҳбар томонидан берилган қисқа ва лўнда баҳо ва шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилиши кутилаётган долзарб вазифалар тўғрисидаги муҳим маълумотлар, деб қараш тўғри бўлади. Ҳақиқатдан ҳам, ўтган даврларда Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг фундаментал асослари яратилди ва мустаҳкамланди.
Давлат суверенитети, мамлакат чегаралари дахлсизлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, миллий манфаатлари самарали таъминланди. Эндиги вазифа, эришилган ютуқларга таянган ҳолда мамлакатимиз тараққиётини янги, юксак босқичга кўтариш эканлиги ва бунинг учун янги ислоҳотларни амалга ошириш объектив зарурат ва навбатдаги энг муҳим стратегик вазифа эканлиги суҳбатда алоҳида таъкидланди.
Стратегик вазифа доирасида Президентимиз томонидан “Янги Ўзбекистон” тушунчасига тасниф берилиб, бу – “демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлат” эканлигига урғу берилди. Ушбу вазифаларни бажариш йўлида асосий тўсиқлар сифатида давлат ва ҳокимият идораларининг узоқ вақт давомида халқ ҳаётидан узилиб қолганлигини, халқ билан яқиндан мулоқот ўрнатмаганини ва халқ манфаатларини ҳимоялашда сансалорликка йўл қўйганлиги таъкидланди.
Олиб борилаётган жадал ислоҳотлар натижасида узоқ йиллар давомида ечилмай келаётган “оғриқли масалалар” ниҳоят ўз ечимини топаётганлиги ва бу орқали жамият аъзоларининг каттагина қисмининг ҳаёти ва фаолиятида ижобий ўзгаришлар кириб борганлиги аҳоли томонидан мамнуният билан қабул қилинди. Хусусан, “прописка”, мажбурий меҳнат, фермерлар учун пахта ва ғаллага давлат буюртмасини белгилаш, валюта ва нақд пул чекловлари каби узоқ даврлардан давом этиб келаётган эски тартибларнинг бекор қилиниши аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари доирасини кенгайтириб, мамлакатда адолат тамойилларини мустаҳкамлади ва давлат институтларига бўлган ишонч ҳиссини кучайтирди.
Шавкат Мирзиёев ўз интервьюсида кейинги йилларда эришилган натижаларни тўғри баҳолаш, ҳали асосий ва мураккаб вазифалар олдинда эканлигига алоҳида эътибор қаратди: “Айни пайтда яна бир ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим: бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Йўлимиз шу пайтгача осон бўлгани йўқ, бундан кейин ҳам осон бўлмайди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур”.
Журналистнинг мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичидаги энг устувор вазифалар нималардан иборат, деган саволига давлатимиз раҳбари жавоб берар экан, мамлакат олдида турган асосий олтита масалани алоҳида ажратиб кўрсатди. Биринчи устувор вазифа, халқ фаровонлигини, одамларнинг ҳаёт даражасини ҳар томонлама ошириб бориш.
Бунинг учун янги иш ўринлари, даромад манбаларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, қишлоқ ва шаҳарларни обод қилиш. Иккинчи устувор вазифа, иқтисодий тараққиёт соҳасида ўсиш нуқталарини аниқлаш ва уларга алоҳида аҳамият қаратиш, шу тариқа Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш. Бунинг учун иқтисодиётни жадал ва пухта модернизация ва диверсификация қилиш, хусусийлаштириш жараёнларини изчил амалга ошириш, иқтисодий соҳадаги миллий манфаатларимизни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мутлақо янги ёндашувларни қўллашга устувор аҳамият бериш муҳим ҳисобланади.
Учинчи устувор вазифа, глобал пандемия даврида тадбиркорлар қатламини қўллаб-қувватлаш. Бу эса истиқболда муҳим ижтимоий қатлам ҳисобланган ўрта синфнинг кўламини янада оширишга ижобий таъсир кўрсатади. Тўртинчи устувор вазифа, аграр соҳани бутунлай янги асосда ташкил этиш орқали тармоқнинг самарадорлиги ва рақобатдошлигини ошириш, ушбу йўналишда минглаб янги иш ўринлари яратиш ва қишлоқ жойларда одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтириш.
Бешинчи устувор вазифа, пандемия даврида халқимизнинг соғлиги ва ҳаётини асраш. Бунинг учун тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, малакали кадрлар тайёрлашни жадаллаштириш, айниқса қишлоқ жойлари ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш.
Олтинчи устувор вазифа, янги шароитда маънавий-маърифий ишларни кучайтириш. Маданий-маърифий ишларни тўғри ташкил этиш ва йўлга қўйиш мамлакатнинг бугунги ва келгуси ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор ҳисобланади. Президентимиз Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги аҳамиятли жиҳатларга тўхталар экан, ушбу йўналишда кейинги йилларда жуда катта ижобий ўзгаришлар ва ютуқларга эришилганлигини таъкидлади.
Хусусан, қўшни давлатлар билан позитив муносабатларни ўрнатишга йўналтирилган ташқи сиёсат натижасида қисқа даврда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда Ўзбекистонга нисбатан ишонч ва ҳамкорликка интилиш ҳаракатлари кучайди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг мураккаб ташқи сиёсий муаммоларни ечиш жараёнидаги фаоллиги ортиб, унинг ташқи сиёсий салоҳияти янада кучайди. Хусусан, Ўзбекистон кейинги йилларда
Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларидаги интеграция ва ҳамкорлик жараёнларини фаоллаштиришда тобора муҳим роль ўйнамоқда. Маълумки, ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан жойлардаги раҳбар кадрларнинг билим ва тажрибасига боғлиқ. Давлатимиз раҳбари бошқарув кадрларининг фаолияти юзасидан берилган саволга ушбу ҳолат уни қийнаб келаётган масалалардан бири эканлигини маълум қилди.
Хусусан, барча бўғиндаги аксарият катта-кичик раҳбарларда билим ва тажриба, ташкилотчилик салоҳияти, эл-юрт иши учун фидойилик туйғусининг етишмаслигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, давлат бошқарувини такомиллаштириш мақсадида раҳбарларнинг шахсий масъулият ва жавобгарликларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиб борилаётганлигини маълум қилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугунги кунда жойлардаги ҳокимлар ва бошқа раҳбарларнинг ваколатлари кенгайтирилганлигига қарамай, улар ўз устиларида ишламасалар, ўзларини замонга мос ўзгартирмасалар бундай раҳбарларга бизнинг сафимизда ўрин бўлиши мумкин эмаслигини ва бу, айни пайтда халқимизнинг, ҳаётнинг талаби эканлигини билдирди.
Кейинги йилларда жамиятдаги қонун бузилиши, адолатсизлик, инсон ҳуқуқларига беписанд муносабат, коррупция ҳолатлари фуқаролар ва кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган муаммолардан ҳисобланади ва унга қарши жиддий кураш олиб борилаётганлиги тўғрисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев рақамли далиллар билан маълумот бериш билан бирга, ҳар қандай жиноят жазосиз қолмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шавкат Мирзиёев интервью давомида юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, кейинги йилларда Ўзбекистонда замонавий уй-жойлар қуриш бўйича янги давр бошланганлигини таъкидлаб, ўтган даврларга нисбатан ҳар йили 4-5 баробар кўп янги уйлар барпо этилаётганлигини мисол қилиб кўрсатди. Қурилаётган замонавий уйлар нафақат арзон, балки қулай, шинам ва янги “ақлли” технологиялар билан жиҳозланаётганлиги замоннинг талабидир. Президентимиз ўз интервьюсида мамлакатимиз ёшлари ҳақида жуда илиқ ва батафсил фикрлар билдирди.
Давлатимиз раҳбарининг фикрига кўра, “Кенг кўламли ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда улар ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқмоқда. Айнан замонавий билим олган, илғор касб-ҳунарларни, инновацион технологияларни, хорижий тилларни пухта эгаллаган ўғил-қизларимиз мамлакатимизни янада тараққий эттиришда етакчи ўрин тутади”.
Шу сабабдан ҳам, “ёш авлод вакилларининг билим олиши, илм-фан, инновациялар, адабиёт, санъат ва спорт соҳасидаги истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши, уларнинг жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча шароитларни яратишга устувор аҳамият бермоқдамиз”. Ёшларнинг пухта билим олишини таъминлаш мақсадида мамлакат таълим тизимида кейинги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таълим тизимида амалга оширилган ўзгаришларга тўхталиб ўтаркан, қуйидаги рақамларга эътиборни қаратди. Хусусан, Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 141 тага етди, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари барпо этилди, қабул квоталари қисқа даврда 3 баробарга оширилди, турли аҳоли қатламлари учун имтиёз ва грантлар сони, олий таълим қамрови даражаси сезиларли ошди.
Президент суҳбат давомида шунингдек, ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбия олиши, иш жойи ва уйига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрин топиши, “Меҳрибонлик уйлари”, махсус мактаб-интернатлар ва “Болалар шаҳарчаси”нинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга жиддий эътибор берилаётганлигини алоҳида урғулади.
Жумладан, “Меҳрибонлик уйлари” ва махсус мактаб-интернатларда таълим-тарбия самарадорлигини ошириш бўйича янги тизим жорий этилаётганини ва унга кўра, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби белгиланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Суҳбат сўнггида Президентдан ҳар бир хонадоннинг файзу фариштаси бўлган кекса авлод вакиллари, фахрийларга кўрсатиб келинаётган амалий ишлар ривожи ҳақидаги фикрлари сўралди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг бугунги тинч-осойишта ҳаётга, ёруғ кунларга етиб келишида қанча-қанча авлод вакиллари, ота-боболаримизнинг сабр-матонат билан бошларидан ўтказган машаққатлари эвазига бўлганлигини алоҳида таъкидлаб, “бундай мард ва олижаноб аждодларимиздан ўтганларининг хотирасини улуғлаб, ҳамиша чуқур ҳурмат-эҳтиром билан ёд этиш, бугун орамизда яшаб келаётган муҳтарам нуронийларимизни ҳар томонлама ардоқлаш – муқаддас бурчимиздир” – деб эътироф этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев суҳбатни якунлар экан, кўпмиллатли халқимизни яқинлашиб келаётган мустақиллик байрами билан чин қалбдан табриклаб, ҳар бир хонадон, ҳар бир ватандошимизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, бахту саодат доимо ёр бўлиши тўғрисида тилак билдирди.
Қаҳрамон ҲАҚБЕРДИЕВ, Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Шарқ мамлакатларининг ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази директори