Янги истиқбол сари илдам қадамлар
Шу кунларда серқуёш юртимиз аҳолиси энг улуғ ва энг азиз байрамимиз Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги шукуҳи билан яшамоқда. Ўтган ҳар бир йил истиқлол солномасига ўзига хос тарихий воқеа, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда муҳим ўзгариш, иқтисодиётимизда янги инновациялар, халқимиз турмуш даражасини ошишига қаратилган эзгу ташаббуслар даври сифатида битилмоқда.
Сўнгги йилларда ўзгараётган Ўзбекистонни, Янги Ўзбекистонни дунё яна бир бор кашф этмоқда. Боқий қадриятларни тиклаш, тарих силсиласида халқимиз томонидан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий анъана, асрларни ортда қолдириб мағрур қад кўтариб турган маданий мерос дурдоналари бўлган кўҳна обидаларни асраб-авайлаш замирида бугун инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартиришга ҳаракат қилаётган қудратли халққа айландик.

Мамлакатимиз тарихан қисқа давр ичида қўлга киритган ютуқлар дунё ҳамжамиятини ҳам ҳайратга солаётгани ҳақиқат. Аср қурилишлари дея эътироф этилаётган қудратли заводлар, замонавий иншоотлар, ижтимоий объектлар, амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари давлатимизнинг нечоғлик куч-қудрати ҳақида ҳикоя қилади, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Ана шундай истиқлол эпкинлари бизнинг Ғозғон шаҳрини ҳам четлаб ўтгани йўқ.

Жумладан, 2023 йил учун муҳим бўлган асосий вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши натижасида 1 май ҳолатига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноат маҳсулотлари 16,4, истеъмол моллари 8,3, пудрат ишлари 1,3 миллиард сўмни ташил этган бўлса, чакана савдо айланмаси 21,2, қишлоқ хўжалиги 23,3, хизматлар ҳажми 7,7 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,2 фоизга ўсиши таъминланди.

Тадбиркорликнинг турли йўналишлари бўйича 2023 йил 1 апрель ҳолатига кўра, рўйхатдан ўтган кичик тадбиркорлик субъектлари сони 368 тани ташкил этади. Бу кўрсатгич қамров жиҳатдан 72 тага ошган бўлса, 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида 42 янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномасига асосан айни пайтда 99 нафар фуқарога 3,1 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди.

Ишсизликни камайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда. Бугунги кунда Ғозғон шаҳрида 9 050 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Улардан меҳнат ресурслари билан банд фуқаролар 4877 нафарни, иқтисодий фаоллар 3 925, бандлиги таъминланган аҳоли сони 3 617 нафарни ташкил этади. Ишга жойлашишга муҳтожлар 308 нафар бўлиб, ишсизлик даражаси 7,8 фоизга тенг. Жорий йилнинг январь-май ойларида 602 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Жумладан, қурилиш, транспорт ва коммунал соҳада 28 нафар, инвестициялар маҳаллий саноатни ривожлантириш ҳисобига 57 нафар, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида 514 нафар, қишлоқ хўжалиги йўналишида 3 нафар аҳоли иш ўрнига эга бўлди. Шунингдек, 2023 йилнинг ўтган даврида яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, тадбиркорлик субъектларини аниқлаш, уларнинг фаолияти ва тегишли ишчи-ходимларни легаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Президентимизнинг “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида Ғозғон шаҳрида амалий ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, ихчамлаштирилган шифохона қуриш, шаҳар марказига борувчи 8 километр ички йўлларни бунёд этиш, “Шайхон”, “Тумар” маҳаллалари ҳудудидаги 232 аҳоли хонадонлари ҳамда “Шоҳимардон” зиёратгоҳини сел тошқинларидан муҳофаза қилиш мақсадида сойнинг 4,5 километр қисмига махсус қувурлар ўрнатилди.

Ҳудудда саноат корхоналарининг узлуксиз ишлаши, янги режалаштирилган лойиҳаларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида қуввати 25 мВа бўлган 2 трансформаторли қурилма ва 12 метр узунликдаги 2 занжирли 110 кВа қувватли электр тармоғини қуриш ишлари бошланган.
“Мармаробод” МФЙ “Осиё” кўчасидаги аҳоли хонадонларини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда 7,5 километр сув тармоқларини тортиш учун пудратчи ташкилот “Ғолиб Бекзод” МЧЖ томонидан 2 километр қазиш ишлари якунига етди. 5,5 километр д-110 ва д-76 сиғимдаги сув қувурлари олиб келиниб, уларни жойлаштириш ишлари қизғин паллада.
2023-2025 йилларда “TOMDI AKTAU NERUD” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан 20 миллион АҚШ долларлик хорижий инвестиция ўзлаштириш ҳисобига мармар ва гранит чиқиндиларни қайта ишлаш режалаштирилаётган бўлса, худди шундай “MINERALS TRADING” МЧЖ қўшма корхонасида 10 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш мақсад қилинган.
Жорий йилда ҳудудий инвестиция дастурига асосан саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича умумий қиймати 36,3 миллиард сўмлик 22 лойиҳа ишга туширилиши натижасида 88 янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
“MARBLE-PRODUCTS-BUSINESS” МЧЖ томонидан мармар тошларни қазиб олишни ташкил этиш инвестиция лойиҳаси орқали тўғридан-тўғри 1 миллион АҚШ долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилади.
Хитойлик тадбиркор JI QIUHA билан ҳамкорликда Хубей провинцияси Энши шаҳри билан Ғозғон шаҳри ўртасида биродарлик меморандуми тузиш бўйича келишиб олинди.
Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Энг муҳими, фуқароларимиз тафаккурида кечаётган ўзгаришлар юртимизнинг қиёфасида намоён бўлмоқда. Бундай ўзгаришларнинг туб илдизи эса амалга оширилган кенг миқёсли ислоҳотлардан иборатдир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Азим Бозоров,
Ғозғон шаҳар ҳокими
ЎзА