Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройида “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” республика танловининг Тошкент вилоят босқичи ўтказилди.
Ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар орасидан истеъдодли, ташаббускор, ўз касбининг усталарини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли йигит-қизлар ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
– Биз танлов орқали кўплаб иқтидорларни кашф қилмоқдамиз, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилоят бўлими раҳбари Сайёра Файзиева. – Айниқса, танловнинг “Миллий мақом”, “Миллий эстрада”, “Наср”, “Назм”, “Тасвирий санъат” ва “Амалий санъат” йўналишлари бўйича жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилган ҳудудий босқичларида 72 нафар иштирокчидан ҳакамлар ҳайъати томонидан ўтказилган саралаш жараёнида 6 та йўналиш бўйича 22 нафар ғолиб ва 8 нафар рағбатлантирувчи ўрин соҳиблари аниқланди.
Танловнинг вилоят босқичи ҳам муросасиз, рақобатга бой тарзда ўтди. Тақдирлаш маросимидан аввал ғолиб иштирокчиларнинг ижодий ишлар кўргазмаси ташкил қилинди. Унда амалий санъатнинг қадимий ва кенг тарқалган бадиий шакл ясаш санъати – ўймакорлик, каштачилик, зардўзлик, тасвирий санъатнинг барча турлари билан шуғулланаётган ёшларнинг ишлари намойиш этилди.
–Танловда “Амалий санъат” йўналиши бўйича иштирок этдим, – дейди 1-ўрин соҳибаси, бўкалик Камола Эгамназарова. – Тўғриси ўз ижодий ишларимни юқори баҳоланади, деб ўйламагандим. Бу каби танловларда иштирок этиш ҳар бир ёшга ўзгача таассурот беради. Келгусида бундан ҳам яхши натижаларга эришаман, деган умиддаман.
Ғолиблар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди ва танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири