Янги ихтиролар ва инновацион ғоялар майдони
“Ўзэкспомарказ”да 19-21 май кунлари VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бўлиб ўтади.
“Ўзэкспомарказ”да 19-21 май кунлари VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бўлиб ўтади.Жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораётган бугунги кунда иқтисодиётни инновацион ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 7 августдаги “Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2010 йил 15 декабрдаги “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорлари бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси янги ишланма ва ғояларни ҳаётга татбиқ этиш, иқтисодиётни изчил янгилаш, маҳсулотлар тури, ҳажми ва сифатини ошириш, экспорт салоҳиятини янада юксалтириш имконини бермоқда.
Мазкур ярмарка самарасида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг мустаҳкам механизми яратилди. У илмий фаолият натижаларини амалда қўллашни таъминлайди. Бунинг натижасида янги, замонавий ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилади. Шу билан бирга, аниқ корхоналар, тармоқлар ва алоҳида ишлаб чиқарувчиларнинг буюртмалари асосида инновация фаолияти янада ривожланади.
2008-2014 йиллар давомида ўтказилган ярмаркаларда юртимиз олимлари томонидан яратилган 3500 дан зиёд инновацион ғоя ва ишланмалар, технологиялар намойиш этилди, умумий қиймати 86,8 миллиард сўмлик 2300 дан ортиқ шартнома имзоланди. Натижада бир триллион сўмдан зиёд қийматдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида анъанавий беш йўналиш – саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари ҳамда фан-таълим соҳалари учун мўлжалланган қарийб беш юз инновацион лойиҳа намойиш этилади. Улар мамлакатимиз олимлари, мутахассислари ва ихтирочилари томонидан яратилган янги ишланмалардир.
Бу галги ярмаркада қатор янги йўналишлар ташкил этилади. Жумладан, маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг эътибори ва сармоясини мамлакатимиз илмий муассасалари ва олий таълим даргоҳлари томонидан яратилган энг илғор технологияларга жалб этиш мақсадида “Юқори технологиялар” (Hi Tech) йўналиши иш юритади. Унда ҳужайра технологиялари, фармацевтика ва биотехнологиялар, нанотехнологиялар, шунингдек, ахборот технологиялари тармоқларида қатор инновацион ишланмалар тақдим этилади.
Ярмаркада саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун “Энергия ва ресурс тежовчи технологиялар” номли яна бир янги йўналиш очилади. Энергия ресурсларини тежаш, қайта тикланадиган энергия манбалари, энергия тежовчи бино ва иншоотлардан фойдаланишнинг самарали усуллари, шунингдек, энергетика аудити бўйича ишланмалар тақдим этилади.
Бундан ташқари, навбатдаги ярмаркада ёш олим ва талабалар билан бир қаторда «Ёшларнинг инновацион ғоялари» республика кўрик-танлови ғолибларининг ишланмалари намойиш этилади. Саралаш жараёнида уларнинг амалиётга жорий этишга тайёрлиги, энергия ва материал тежамкорлиги, маҳаллий хомашёдан фойдаланилганлиги, бозорга янги маҳсулот чиқариш имконияти каби омилларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу гал ярмарка доирасида илк бор Тошкент халқаро инновация форуми бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Германия, АҚШ, Франция, Греция, Жанубий Корея, Япония каби мамлакатлардан етакчи олимлар ва мутахассислар иштирок этиши кутилмоқда. Форумда Ўзбекистон иқтисодиётини инновацион ривожлантириш, глобаллашув жараёнида иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, инновацион иқтисодиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш каби долзарб масалалар муҳокама этилади.