Янги ҳаётга билим ва иқтидор билан
Мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларида жорий ўқув йили ниҳоясига етди. Битирувчилар мутахассислик дипломларини қўлга олиб катта ҳаёт сари қадам ташлади.
Наманган муҳандислик-технология институти бакалавриат таълим босқичини мазкур ўқув йилида 1 минг 180 нафар ёш ўғил-қиз тамомлади. Шундан, 861 нафари таълимнинг кундузги, 319 нафари эса сиртқи таълим шаклида бакалавр даражасига эга бўлди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда уларга “Оқ йўл” тиланди. Тадбирда битирувчиларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари, профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Институт ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Одилжон Маматкаримов ўқув йили давомида фаоллиги ва билимдонлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлган бир неча талаба ёшларга фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар топширди.


– Очиғини айтганда тўрт йил бир зумда ўтиб кетгандек туюляпти. Биз жамиятимизнинг турли соҳаларига мутахассис сифатида учирма бўляпмиз, – дейди Абу Райҳон Беруний номидаги давлат стипендияси соҳибаси Маржона Ҳайдарова. – Мен ҳам тенгдошларим қатори устозлар сабоғини олишга интилдим. Илм йўлида келажагимни қуришга қарор қилдим. Энди таълимни магистратура босқичида давом эттирмоқчиман. Барча устозларимдан беҳад миннатдорман.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА