Янги давр олий дипломатияси
Давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш – ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши. ЎзА ушбу рукн орқали ҳафта давомида ўтказилган олий даражадаги дипломатик мулоқотлар тафсилотини тақдим этади.

Сербия – Германия
21 июль куни Сербия Республикаси Президенти Алдександир Вучич Германиянинг ушбу мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Анке Конрадни хайрлашув муносабати билан қабул қилди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги иқтисодий, институционал ва стратегик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Конраднинг дипломатик фаолияти давомида Сербия – Германия муносабатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси юқори баҳоланди. Шунингдек, яшил трансформация, барқарор ривожланиш ва муҳим лойиҳалар амалга ошириш борасидаги шериклик натижаси қайд этилди. Президент Вучич элчига самарали фаолияти учун миннатдорлик билдириб, унинг кейинги дипломатик фаолиятига муваффақият тилади.

Франция – Габон
20 июль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Парижда Габон Президенти Брис Клотер Олигуи Нгемани қабул қилди. Учрашувда икки давлат муносабатини янада ривожлантириш, иқтисодиёт, энергетика, маданият ва мудофаа соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар Франция ва Габон ўртасидаги ишонч ва дўстликка асосланган алоқаларни келажакка йўналтирилган ҳолда давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, Габоннинг Африка қитъаси ҳамда бутун инсоният учун муҳим бойлик ҳисобланадиган бой биохилма-хиллиги ва ўрмонларини асраш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон – Беларусь
20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, айниқса савдо-иқтисодий муносабатни кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли соҳалардаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон – Беларусь муносабатини мустаҳкамлаш, турли йўналишлардаги шериклик кўламини кенгайтириш орқали икки томонлама алоқани янада фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА