Ҳар бир давлат ўз ташқи сиёсатини амалга ошириш жараёнида дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро муносабатларни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида аҳамият қаратади.
Табиийки, бу борада олий даражадаги учрашувлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Давлат раҳбарлари даражасидаги расмий ташрифлар нафақат ўзаро ишончни мустаҳкамлайди, балки шерикликнинг янги йўналишларини ҳам белгилаб беради.
ЎзА янги рукн орқали олий даражадаги мулоқотларнинг аҳамияти, бундай учрашувларда кўтарилган долзарб масалалар, имзоланган ҳужжатлар хусусида ҳафта тафсилотини бериб боради.
ХХР Раиси Бразилия Президенти билан музокара ўтказди

ХХР Раиси Си Цзиньпин Хитойга давлат ташрифи билан келган Бразилия Президенти Лула да Сильва билан 13 май куни Пекиндаги Халқ мажлислари залида музокара ўтказди.
Томонлар ўтган йил нишонланган ўзаро дипломатик муносабат ўрнатилганининг 50 йиллиги муносабати билан икки томонлама алоқалар янги босқичга кўтарилганини таъкидладилар.
Хитой етакчиси ривожланиш стратегияси уйғунлигини доимий равишда чуқурлаштириш, Глобал жануб мамлакатлари бирдамлигини қўллаб-қувватлашга чақирди.
– Бразилия иқтисодиёт, инфратузилма, аэрокосмик соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш учун ўз ривожланиш стратегиясини “Бир камар, бир йўл” ташаббуси билан мувофиқлаштиришга тайёр, – деди Лула да Сильва.
Сербия Президенти Европа Кенгаши раҳбари билан учрашди

Сешанба куни Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич Белградга расмий ташриф билан келган Европа Кенгаши раҳбари Антониу Коштани қабул қилди.
Мулоқот аввалида Вучич Сербиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокарага хайрихоҳлик билдиргани учун мартабали меҳмонга миннатдорлик билдирди.
– ЕИ биз учун муҳим ҳамкор, келгусида Сербия кўҳна қитъа давлатларига экспортни янада диверсификация қилишдан манфаатдор, – деди Вучич. – Ҳар доим айтганмиз, мамлакатимизнинг бугуни ҳам, келажаги ҳам ЕИ билан боғлиқ. Ҳаракатларимиз Кошта томонидан қўллаб-қувватланишига ишонамиз.
Трамп Кўрфаз давлатлари билан “ҳайратланарли” иқтисодий битимлар имзолади

АҚШ етакчиси Дональд Трамп Кўрфаз Араб мамлакатларига сафарини Саудия Арабистонидан бошлади.
14 май куни Ар-Риёд шаҳрида ўтган Америка Қўшма Штатлари ва Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши саммитида Саудия Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд, Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Баҳрайн қироли Ҳамад бин Исо Ал-Халифа, Қувайт амири Шайх Машаъл Ал-Аҳмад Ал-Жобир Ас-Сабоҳ, Абу-Даби Валиаҳд шаҳзодаси, БАА Президентининг тўнғич ўғли Холид бин Муҳаммад Ол Наҳаён, шунингдек Ўмон Бош вазири ўринбосари Шайх Асад бин Ториқ Ол Саид иштирок этди.
Трамп Ар-Риёдда Валиаҳд шаҳзода воситачилигида Сурия етакчиси Аҳмад Аш-Шараъ билан ҳам қисқа учрашув ўтказди. Мулоқот давомида у мазкур араб давлатига нисбатан асосий санкция бекор қилинишини таъкидлаб, суҳбатдошини Исроил билан муносабатни яхшилаш, хорижий террорчиларни мамлакатдан чиқариб юбориш, биргаликда ИШИД қайта тикланишига йўл қўймаслик каби вазифаларни зиммасига олишга чақирди.
Трамп Саудияга ташрифини якунлагач, Қатарга ўтди. Доҳа аэропортида уни Амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний кутиб олди. Ташриф давомида икки томон ўртасида 1,2 триллион доллардан ортиқ қийматга эга иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзолангани кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Америка етакчиси 15 май куни Бирлашган Араб Амирликлари Абу-Даби шаҳрига етиб борди. Делегацияни аэропортда Президент Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён кутиб олди. Қўшма Штатлар раҳбари шарафига Президент саройи – “Қаср ал-Ватан” ҳовлисида расмий қабул маросими ўтказилди. Наҳаёнлар оиласи билан музокаранинг асосий мавзуси сифатида БАА кейинги 10 йилда АҚШга 1,4 триллион доллар сармоя киритиши муҳокама қилинди. АҚШ Президенти бу сармоя сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти Қозоғистон етакчисини таваллуд куни билан табриклади

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев телефон орқали Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевни таваллуд куни билан самимий табриклаб, қардош халқ фаровонлиги ва равнақи йўлидаги масъулиятли фаолиятида муваффақият тилади.
Суҳбат давомида яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатини янада ривожлантиришга доир долзарб масалалар, бўлажак икки томонлама учрашувлар ва кўп томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди.
Савдо, саноат кооперацияси, самарали логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданий алмашинув каби устувор йўналишларни қамраб олган икки томонлама амалий ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш борасидаги ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Туркия етакчиси НАТО Бош котиби билан учрашди

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған НАТО Бош котиби Марк Рюттени қабул қилди.
Учрашув 13 май куни Анқарадаги Президент мажмуасида ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди.
Ўзаро мулоқот чоғида томонлар Туркия ва НАТО ўртасидаги муносабат, Россия – Украина зиддияти ҳамда бошқа минтақавий ва халқаро муаммоларни таҳлил қилган. Учрашувда ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ҳам иштирок этган.
ЖАР Президенти Абижан шаҳрида Кот-д'Ивуар етакчиси билан мулоқот қилди

Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса душанба куни Абижан шаҳрида бўлиб ўтган “Africa CEO Forum” анжумани доирасида Кот-д'Ивуар етакчиси Алассан Уаттара билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки давлат раҳбарлари мавжуд алоқани мустаҳкамлаш, товар айирбошлаш миқдорини оширишга келишиб олдилар.
ЖАР етакчиси мазкур форумни Африка қитъаси эркин савдо ҳудуди (AFSTA) орқали Пан-Африка савдосини ривожлантириш, Жанубий Африканинг G20 доирасидаги раислиги билан боғлиқ асосий мавзуларни Африка қитъаси учун манфаатли масалалар сифатида баҳолади.
Лукашенко Зимбабве Президенти билан учрашди

Жорий йил 14 май куни Минскдаги Мустақиллик саройида Беларусь Президенти Александр Лукашенко ва Зимбабве Президенти Эммерсон Мнангагва ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорлик, мавжуд лойиҳаларни амалга ошириш жараёни, жумладан савдо-иқтисодий ва сармоявий лойиҳалар истиқболини муҳокама қилган.
– Мамлакатингиз, халқингиз билан дўстликни юксак қадрлаймиз, – деди Лукашенко. – Бизни барча давлатларнинг суверен тенглиги, кўп қирралилик, БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига ҳурмат асосида адолатли дунё тартибини шакллантириш борасидаги умумий ёндашувлар бирлаштириб туради.
Айни пайт икки ўлка ўзаро озиқ-овқат маҳсулотлари – қуруқ сут, шарбат, мева, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика маҳсулотлари етказиб бермоқда, фан ва технология соҳасида ҳамкорлик қилмоқда.
– Беларусь Зимбабве билан чиқиндини қайта ишлаш, рақамлаштириш, атом энергиясидан тинч мақсадда фойдаланиш ва коинотни ўрганиш учун замонавий технологияларни жорий этишда ишончли ҳамкорга айланиши мумкин, – дея хулоса қилди Лукашенко.
Тиранада Европа сиёсий ҳамжамиятининг 6-саммити бўлиб ўтди

Кеча Албания пойтахти Тирана шаҳрида Европа сиёсий ҳамжамиятининг 6-саммити бўлиб ўтди.
Эътиборли жиҳати, бу йилги анжуманда 50 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди. Мулоқот инновация орқали рақобатбардошлик, иқтисодий хавфсизлик, энергетика, саноат барқарорлигига эришиш, миграция, замонавий глобал шароитда Европанинг етакчилик роли каби мавзуларни қамраб олди.
Европа сиёсий ҳамжамияти хавфсизлик, иқтисодий барқарорлик ва демократик бошқарув соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳукуматлараро платформа бўлиб, ЕИ ичида ва ташқарисида барча давлатлар саъй-ҳаракатини сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан мувофиқлаштиришга кўмаклашади. Умумий муаммоларни ҳал қилиб, қитъа хавфсизлиги, барқарорлиги ва фаровонлигини ошириш учун сиёсий мулоқотни ривожлантиради.
Саммитнинг яна бир эсда қоларли воқеаси Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасидаги учрашув бўлди. Ўзаро мулоқот давомида томонлар икки давлат ўртасидаги бугунги муносабат ва тинчлик шартномасини тузиш жараёни юзасидан фикр алмашган.
Ўткир Мирзо тайёрлади.
ЎзА