
Фармон ва ижро
Мамлакатимизда охирги йиллар жадал урбанизация жараёни ва аҳолининг ўсиши натижасида уй-жойга бўлган талаб сезиларли даражада ошиб бормоқда. Айрим ҳудудларда мавжуд уй-жой фондининг катта қисми эскиргани, уни модернизация қилиш ва янги инфратузилма билан таъминлашни талаб этмоқда.

Тошкент вилоятида ҳам жорий йил бошида аҳолини уй-жойга бўлган талаб 43 мингдан зиёд хонадонни ташкил этмоқда. Хусусан, бу борада энг кўп эҳтиёж Тошкент ва Янгийўл туманларида 3 мингдан зиёдни ташкил қилади. Бу йил жойлардаги учта “Янги Ўзбекистон” массивида уй-жойлар қурилиши давом эттирилиб, Бекобод шаҳрида янгитдан қўшимча массив барпо этилади.

Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Унда “Янги Ўзбекистон” ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойлар қуришнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳам тасдиқланди.

Шу бўйича Чирчиқ шаҳридаги “Ифтихор” МФЙ ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массиви жадаллик билан барпо этилмоқда. Бош лойиҳа бўйича “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ томонидан массив бош режаси ишлаб чиқилган.
Умумий 49 гектар ер майдонида барча ижтимоий ва муҳандислик-коммуникацияларга эга 92 та 7, 9, 12 ва 16 қаватдан иборат, жами 4 минг 936 та хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган бўлиб, қурилиш ишлари уч босқичда амалга оширилади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бу йил Чирчиқ шаҳри бўйича 23 та жами 1356 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар янгидан қурилиши режалаштирилган. Шундан “Янги Ўзбекистон” массивида бешта жами 620 хонадон бунёд қилинади.
– Шуни алоҳида қайд этиш лозим, Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши мунтазам йиғилиш ўтказиб туради. Унда вилоят бўйича жорий йилда қуриладиган қурилиш объектларининг лойиҳалаш жараёни кўриб чиқилади. Жараёнда мавжуд муаммолар ўрганилиб, зарур вазифалар белгиланади. Йиғилиш аъзоларининг хулосаларига асосан тегишли ҳужжат ва рухсатномалар берилади. Бундан ташқари, Пискент туманида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилмоқда, – дейди вилоят бош архитектори Ойбек Дониев.

Бу саъй-ҳаракатлар туманда инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ва аҳолига қулайлик яратишга қаратилган режалар туфайлидир. Жумладан, “Ойбек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массиви 10,17 гектар ер майдонда барпо этилмоқда. Лойиҳага кўра, 540 ўринли 9-қаватли турар жойлар, Ёшлар боғи, Ёшлар маркази, кутубхона ҳамда ҳунармандлар учун кўргазма заллари ва сув ҳавзаси ўрнатиш кўзда тутилган.
Ўз навбатида айрим қурувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланган талабларга жавоб бермайдиган кўп қаватли турар-жойлар қурилиши тўхтатилмоқда. Бу орқали истеъмолчилар ҳуқуқлари, хавфсизлиги таъминланади.
А.Мусаев, ЎзА