Янги божхона пости ишга тушди
Мамлакатимизда жаҳон андозаларига мос миллий божхона хизмати шакллантирилгани иқтисодий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Бу жараёнда соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, билимли ва салоҳиятли кадрлар билан таъминлашга катта эътибор қаратилаётир.
Мамлакатимизда жаҳон андозаларига мос миллий божхона хизмати шакллантирилгани иқтисодий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Бу жараёнда соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, билимли ва салоҳиятли кадрлар билан таъминлашга катта эътибор қаратилаётир.Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил 10 августдаги “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда дастуриламал бўлмоқда.
Янги йил арафасида Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Янгийўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг янги биноси ишга туширилгани бу борадаги навбатдаги қадам бўлди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, божхоначилар, тадбиркорлар иштирок этди.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Я.Мирзараҳимов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида божхона хизмати тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани натижасида соҳа фаолияти такомиллашиб, унинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
Чиноз туманида жойлашган “Янгийўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида божхоначиларнинг самарали хизмат кўрсатиши учун барча шароит яратилган. Бу ерда божхона расмийлаштируви ва божхона кўригини амалга оширувчи ходимлар учун қулай хоналар, замонавий мебель жиҳозлари, энг сўнгги русумдаги ахборот технологиялари божхоначилар томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига юксак даражада божхона хизмати кўрсатилишини таъминлашда катта роль ўйнайди. Энг муҳими, божхона расмийлаштирувини янада тезлаштиришга, бу орқали тадбиркорнинг вақт ва маблағини тежашга ҳисса қўшилади.
Божхона постида тадбиркорлар учун экспорт ва импорт операцияларини амалга ошириш учун “бир дарча” хизмати йўлга қўйилган. Электрон декларациялаш амалиётининг жорий қилингани тадбиркорларга ўз идорасида туриб божхона органларига юк декларацияси ва бошқа тегишли ҳужжатларни тақдим этиш имкониятини бермоқда.
Мазкур постда 2015 йилда 6 мингдан ортиқ божхона юк декларацияси электрон шаклда расмийлаштирилиб, давлат бюджетига ундирилган тўловлар миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошишига эришилди. Янги бинода фаолият кўрсатаётган саккизта божхона брокерлик фирмаси учун ҳам барча қулайлик яратилган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида ўттизга яқин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси юкларининг темир йўл ва автотранспорт воситалари орқали импорт ва экспортга расмийлаштируви амалга оширилади.
Соҳага кўрсатилаётган юксак ғамхўрлик божхона органлари ходимларини зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришга, Ватанимиз олдидаги муқаддас бурчини шараф билан адо этишга ва билдирилган ишончни оқлашга рағбатлантиради.