Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги босқич ва улкан ишонч тимсоли

МУНОСАБАТ

2026 йил 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташрифи ва 3-Мис бойитиш фабрикасини ишга туширишга старт берилиши мамлакатимиз саноати тараққиётидаги муҳим воқеалардан бири сифатида тарихда муҳрланди.

Мазкур ташриф, аввало, давлат раҳбарининг стратегик аҳамиятга эга бўлган йирик саноат корхоналарига қаратаётган доимий эътибори ва ғамхўрлигининг яна бир амалий ифодаси, шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигининг исботи бўлди. 

Қолаверса, комбинат жамоаси меҳнатига берилган юксак баҳо ва келгуси тараққиёт учун мустаҳкам ишонч рамзи сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу ташриф нафақат ишчи-ходимларимиз, балки бутун Ўзбекистон халқи учун улкан рағбат бўлди.

Ташриф давомида амалга оширилаётган кенг кўламли инвестиция лойиҳалари, хусусан, янги қувватларнинг ишга туширилиши, илғор технологияларнинг жорий этилиши ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар билан танишилди. Бу жараёнлар мамлакатимизда саноатни чуқур модернизация қилиш ва юқори қўшимча қиймат яратишга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Давлат раҳбари дастлаб, 3-Мис бойитиш фабрикасининг Рудани тайёрлаш корпуси биносида комбинат ишчи-ходимлари, меҳнат фахрийлари, қурувчилар, лойиҳачилар ва хорижий меҳмонлар билан учрашиб, нутқ сўзлади.

Зеро, 3-Мис бойитиш фабрикаси бутун республика саноати учун янги имкониятлар эшигини очади. Ушбу корхонада ҳар бирининг қуввати 5  миллион тонна бўлган 12 та тегирмон тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг, маъданни қайта ишлаш ҳажми 60 миллион тоннага етади. Бу мавжуд 1-Мис бойитиш фабрикаси қувватидан 1,5 баробар кўп. Битта тегирмонининг қуввати эса 2-Мис бойитиш фабрикасининг бутун қувватига тенг. Яна бир жиҳати, фабриканинг селекция цехида 450 тонна молибден ва 870 кг рений ишлаб чиқарилади. Шунингдек, олтин ишлаб чиқаришнинг кўпайиши заргарлик саноатини янада ривожланишига хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев, 3-Мис бойитиш фабрикасини ишга туширишга старт берилгач, бевосита Фильтрлаш корпусига бориб мис концентрати ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Янги ва илғор технологияларни қўллаш эвазига ишлаб чиқарилаётган концентратда намлик эски технологиядаги 10 фоиздан 8 фоизгача туширилган.

Таъкидлаш жоизки, ҳар 1 тонна мис катодига мос равишда қўшимча 6  тонна сульфат кислота ишлаб чиқарилади – сульфат кислота кимё саноатида минерал ўғитлар ва металлургия соҳасида уран маҳсулотларини ишлаб чиқаришда кўлланилади. 

Фабрикадаги технологияларнинг афзалликларига тўхталадиган бўлсак, майдалаш жараёнида HPGR технологиясининг қўлланилиши харажатларни 20  фоизга қисқартирди. Флотация босқичида онлайн анализаторлар намуна таҳлили вақтини 12 соатдан 5-6 дақиқага тушириб, металл йўқотилишини кескин камайтиради. Шунингдек, гравитацион бойитиш ва вертикал биссерли тегирмонлар каби инновациялар ҳисобига олтин ажратиб олиш ҳажми 1  фоизга ошади. Бу - 3-МБФ юқори иқтисодий самарадорлик, экологик хавфсизлик ва технологик барқарорликни таъминловчи замонавий мажмуа эканлигини кўрсатмоқда. 

Фабрика учун зарур ускунларни етказиб берган дунёнинг етакчи компаниялардан бири ҳисобланган FLSmidth компанияси вице президенти Питер Фланаган сўзга чиқиб, АҚШ фуқароларига визасиз режим жорий қилинганлиги учун Ўзбекистон Республика Президентига миннатдорлик билдирди.

П.Фланаган, “ОКМК билан ҳамкорлик қилиш катта шараф. Биз барпо этилган 3-Мис бойитиш фабрикасини нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа тоғ-кон саноатида технологик инқилоб деб ҳисоблаймиз. 3-МБФ – бу юқори муҳандислик салоҳияти ва стратегик шерикликнинг намунасидир. Биз ОКМК билан узоқ муддатли ҳамкорликни давом эттиришдан мамнунмиз ва кейинги йирик лойиҳаларда ҳам энг замонавий инновацияларимиз билан иштирок этишга тайёрмиз. Худди шундай қувватдаги фабрика ўтган йили Чилида ишга туширилди. У 8 йил ичида қурилди. 3-МБФ эса, 4 йил ичида. Ким лойиҳаларни амалга оширишни ўрганмоқчи бўлса, Ўзбекистонга келсин!»- дея таъкидлади.

Президентимиз ташриф давомида 3-Мис бойитиш фабрикасининг Рақамлаштирилган бошқарув маркази фаолияти билан ҳам танишиб, сунъий интеллект орқали, айниқса, тоғ-кон ва металлургия тармоқларида самарадорликни ошириш бўйича катта имкониятлар борлигини таъкидлади.

Саноатга сунъий интеллектни жорий этиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини кескин ошириш, хомашё ва маҳсулот сифат кўрсаткичларини онлайн назорат қилиш, ҳар қандай талафот ва техник хавф-хатарларнинг тўлиқ олдини олиш, оғир саноатда инсон омили билан меҳнат муҳофазасини ишончли таъминлаш – бу муҳим аҳамиятга эга натижадир. 

Давлатимиз раҳбари соҳада интеллектуал мулк ва патент ишлари кўламини кенгайтириш масаласини стратегик вазифа сифатида белгиладилар. Таъкидланганидек, фабрикадаги ҳар бир технологик босқичда қўлланилаётган илмий ечимларни патентлаш – бу нафақат ҳуқуқий ҳимоя, балки «янги технология, янги ишлаб чиқариш ва янги бозорлар» демакдир.

Бу ёндашув ОКМКни нафақат йирик саноат корхонаси, балки юқори технологияли ва инновацион ечимларни экспорт қилувчи халқаро марказга айлантиришга ҳам хизмат қилади. 

Албатта, рақамлаштирилган йирик саноат корхонасини бошқариш юқори малака ва замонавий билимга эга кадрларни талаб этади. Бу эса ўз-ўзидан бугунги ёшларни янги билим ва кўникмаларга эга мутахассислар қилиб тайёрлашимиз зарурлигини кўрсатмоқда. 3-Мис бойитиш фабрикаси учун етук кадрларни тайёрлашда Президентимиз ташаббуслари билан 2024 йилда очилган Муҳандислик мактабида ва 2025 йилда ташкил этилган МТТУ МИСиС Олмалиқ филиали қошидаги Илғор муҳандислик мактаби муҳим роль ўйнади.

Шу куни фабриканинг ўзида Давлат раҳбари раислигида металлургия саноатини ривожлантириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди ва унда устувор вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, Саноат кенгашини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Ушбу кенгаш, жумладан, юртимиздаги тоғ-кон саноати ва металлургия соҳасидаги барча корхона ва таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Ташриф доирасида Давлат раҳбари томонидан янги металлургия мажмуасини ҳамда 4-Мис бойитиш фабрикаси қурилишини жадаллаштириш, шунингдек, ресурслардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ва экологик барқарорликни таъминлаш,муқобил ҳамда инновацион ечимлардан самарали фойдаланиш каби йўналишлар бўйича топшириқлар берилди.

Яна бир муҳим жиҳати, мазкур ташриф комбинат жамоаси учун катта руҳий куч ва илҳом манбаи бўлди. Давлат раҳбарининг бевосита эътибори ва қўллаб-қувватлови ҳар бир ходим зиммасига янада катта масъулият юклаши баробарида, уларни янги ютуқларга интилишга ундайди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати жамоаси билдирилган ишончни чуқур англаган ҳолда, ўз олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажариш, ишлаб чиқариш кўрсаткичларини янада ошириш ва мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш йўлида бор куч ва салоҳиятини сафарбар этади.

Шубҳасиз, 2026 йил 16 март кунги ушбу тарихий ташриф комбинат фаолиятида янги босқични бошлаб берди. У нафақат бугунги ютуқларни мустаҳкамлайди, балки келгуси улкан режаларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.

А.Хурсанов,

 “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти 

бошқарув раиси, сенатор