Янги боғчаларга тарбияланувчилар қабул қилинди
Ўрта Чирчиқ туманида 2 та янги мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. “Ким Пен Хва” номли маҳалла фуқаролар йиғинидаги 19-сонли мактабгача таълим муассасаси 350 ўринли бўлиб, бу ерда 320 нафар болажонларни таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилди.
Шунингдек, “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 180 ўринли 7-сонли давлат мактабгача таълим маскани ҳам шу куни иш бошлади. Ҳозирда 240 нафар тарбияланувчиларни ўз бағрига олди. Дуал таълим тизими йўлга қўйилган ушбу боғчанинг қурилиши учун 2 миллиард 200 миллион сўм сарфланган.


– Сайёр хизмат давомида фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаш учун ариза берган ота-оналарнинг фарзандларига шу жойнинг ўзида йўлланмалар берилди, – дейди Ўрта Чирчиқ туман Давлат хизматлари маркази директори Севара Ҳошимова.
– Бу каби қулайликлардан аҳоли мамнун. Авваллари ота-оналар бу жараёнда йиғиладиган ҳужжатлар учун кўп вақт сарфлар эди. Эндиликда бу анча соддалашиб, электронлаштирилди.


Ўрта Чирчиқ туман Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан ҳар иккала мактабгача таълим масканида сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Сайёр хизмат кўрсатиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири А. Шин томонидан янги очилган мактабгача таълим масканининг илк тарбияланувчиларига йўлланмалар топширилди.
Маълумотларга кўра, туман мактабгача таълим бўлими тасарруфида 43 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 23 та давлат, 2 та хусусий, 1 та давлат- хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат ва 17 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ҳисобига тўғри келади. Ҳозирги кунда вилоятдаги мавжуд 10 минг 817 нафар 3-7 ёшли болаларнинг 6 минг 13 нафари ёки 55,6 фоизи мазкур мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинди.
А.Мусаев, ЎзА