Бугун, 2 майдан бошлаб ер эгалари шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек, қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда тупроқнинг мавжуд унумдор қатламини сидириб олиши ва сақлаши шарт бўлади. Бунга доир тегишли Қонун кучга кирмоқда.
Жорий йилнинг 2 февраль куни Давлатимиз раҳбари томонидан «Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида»ги Қонун имзоланган эди.
Қонун билан тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги асосий принциплар, соҳани давлат томонидан тартибга солиш, тупроқ унумдорлигини ошириш асослари ва тартиби белгиланган.
Жумладан, ер эгаларига Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтидан ўзига тегишли ер участкасидаги тупроқнинг сифатини баҳолаш тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқи берилди.
Ер эгалари шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек, қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда тупроқнинг мавжуд унумдор қатламини сидириб олиши ва сақлаши шарт этиб белгиланди.
Ҳужжатга кўра, сидириб олинган тупроқнинг унумдор қатламини қурилиш ташкилотлари ҳокимликлар томонидан белгиланган жойларга сақлаш учун олиб чиқади.
Тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинмаганлиги ва сақланмаганлиги факти аниқланганда, етказилган зарарнинг миқдори маҳаллий бюджетга ўтказилади. Мазкур пул маблағларидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун фойдаланилади.
Тупроқни ўрганиш Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликларининг ваколатли ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Бунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади.
Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга кириши назарда тутилган эди. Яъни, бугун 2 май кунидан Қонун расман амалда.
Умиджон Қурбонов, ЎзА