Янги бино фойдаланишга топширилди
Сирдарё туманида мамлакатимиз мудофаа тизимини янада такомиллаштириш, ҳарбий бошқарув самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган навбатдаги муҳим лойиҳа амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида туманда замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган Мудофаа ишлари бўлимининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, туман ҳокимлиги, Гулистон ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбир Тошкент ҳарбий округи ҳарбий оркестри ижросидаги ватанпарварлик руҳидаги мусиқий чиқишлар билан бошланиб, иштирокчиларда юрт тақдири ва мамлакат хавфсизлиги учун масъулият туйғусини янада мустаҳкамлади.

Янги маъмурий бино ҳарбий-маъмурий фаолиятни самарали ташкил этиш, чақирув ва ҳарбий ҳисоб ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган муҳим маскан сифатида барпо этилди.

Иншоот замонавий меъморий ечимлар асосида қурилиб, ўқув-машғулот хоналари, чақирув пункти, навбатчилик қисми, хизмат хоналари ва бошқа зарур инфратузилма объектлари билан жиҳозланган.

Маросимда сўзга чиққан мутасаддилар мамлакатимизда кейинги йилларда мудофаа соҳасини модернизация қилиш, Қуролли Кучларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш ҳамда ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталдилар.

Бинонинг энг муҳим афзалликларидан бири унда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилганидир. Хусусан, ҳарбий ҳисоб ва чақирув ишларини рақамли форматда юритиш имконини берувчи электрон маълумотлар базаси ташкил этилган. Бу эса маълумотларни тезкор қайта ишлаш, ҳужжатлар айланишини соддалаштириш, инсон омилини камайтириш ҳамда хизмат фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

– Сирдарё туманида фойдаланишга топширилган мазкур иншоот мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишларининг яна бир амалий ифодаси бўлди, – деди тадбир иштирокчиси, Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Бурҳон Абдуалимов.

Муҳими, бундай эзгу ишлар юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам изчил давом этмоқда.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА