Янги авлод, янги ғоялар, янги чўққилар сари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати янги босқичда изчил амалга оширилиб, ёш авлоднинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, ташаббус ва ғояларини рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Ана шу эзгу мақсадлар ижросини таъминлаш, ёшларнинг интеллектуал, ижодий ва инновацион салоҳиятини юксалтириш, уларнинг мамлакат тараққиётидаги фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030: янги авлод янги чўққилар сари” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Мазкур анжуман Президентимизнинг жорий йил 20 апрелдаги “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
[gallery-29440]
Тадбирда таълим муассасалари раҳбарлари, соҳа мутахассислари, ёш олимлар, фаол ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Анжуман давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг ўрни ва иштироки, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги фаоллигини кучайтириш, қонун ижодкорлиги жараёнларига кенг жалб этиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, 2030 йилгача мўлжалланган ёшлар стратегиясининг устувор йўналишлари, унинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳоли, айниқса ёшлар ҳаётидаги аҳамияти хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирда сўз олганлар Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида билимли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиши, инновацион ғоя ва стартапларни амалга ошириши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Конференциянинг алоҳида қисми бандлик, инновация ва тадбиркорлик соҳаларига бағишланди. Унда ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредит ва грантлар ажратиш, инновацион лойиҳаларни рағбатлантириш масалалари юзасидан амалий таклифлар илгари сурилди. Иштирокчилар томонидан ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни замонавий касбларга ўқитиш ва ҳудудларда бандликни таъминлашга қаратилган қатор ташаббуслар билдирилди.
Шунингдек, тадбир доирасида ёшларни маънавий қўллаб-қувватлаш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Якунда иштирокчилар томонидан “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясини самарали амалга ошириш, ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Тадбир мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил давом эттириш, интеллектуал салоҳиятли ва фаол авлодни тарбиялаш йўлида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Хулоса ўрнида айтганда, конференция ёшларнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
Камола Юсупова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА