Янги авлод имкониятлари борасида сўз борди
Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида “Инновацион тадбиркорлик ва ёшлар: янги авлод имкониятлари” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Ушбу тадбир “Тадбиркор ёшларнинг 1000 инновацион лойиҳаси” дастури доирасида амалга оширилди ҳамда ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси Қорақалпоғистон филиали ҳамкорлигида ўтказилди.
Семинарнинг асосий мақсади ёшларга замонавий ишбилармонлик асосларини ўргатиш, бизнес-режа тузиш, молиявий ҳисоб-китобларни юритиш, маркетинг стратегияларини қўллаш ва рақобатбардош маҳсулот яратиш бўйича амалий кўникмалар беришдир. Шу билан бирга, инновацион технологиялардан самарали фойдаланишга оид билимларни сингдириш орқали ёшларни тадбиркорлик фаолиятига тайёрлаш назарда тутилган.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ёшларнинг иқтисодий фаоллиги, ижтимоий масалалардаги иштироки ва инновацион фикрлаш салоҳияти мамлакат тараққиётининг ҳал қилувчи омилларидан бири сифатида қаралмоқда. Айниқса, ёшларни тадбиркорлик соҳасига жалб этиш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш ва инновацион ечимлар яратишда ёрдам бериш устувор вазифалардан биридир.
Маҳорат дарси шаклида ўтказилган тадбирда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритувчи тажрибали тадбиркорлар — Амина Бекчанова, Дильфуза Джиенбекова, Асқар Қалниязов ҳамда Нукус шаҳар Кенгаши депутатлари иштирок этиб, ёшлар билан очиқ мулоқот уюштиришди. Улар бозорлардаги реал талаблар, инновацион ёндашувлар ва бизнесда ҳамкорлик имкониятлари ҳақида амалий маълумотлар тақдим этишди.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шунда бўлдики, ёшлар томонидан билдирилган ғоя ва ташаббусларнинг муҳокамаси бўлди. Хусусан, иштирокчи Мийирхан Утеханова миллий рақслар асосида туристлар учун қисқа концерт дастури ташкил этиш ғоясини тақдим этди. Бу таклиф тадбиркорлар томонидан ижобий баҳоланди ва лойиҳани амалга ошириш бўйича йўналишлар кўрсатиб ўтилди.
Ёшлардан аҳоли турмуш даражаси паст бўлган ҳудудларда мобил хизмат кўрсатиш (сартарошлик, тикиш-бичиш, техника таъмири), экологик тоза маҳсулотлар етиштириш ва маркетплейс орқали сотиш, “Мобил бизнес марказлар” ташкил этиш, у жойлардаги ёшларга бир марталик бизнес маслаҳатлари, хуқуқий ёрдам, грант дастурлари ҳақида маълумот етказувчи автобус ёки махсус автомашина хизматини йўлга қўйиш каби бир қатор таклифлар келиб тушди. Ушбу ғоялар тадбирда муҳокама қилиниб, уларни амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Семинар-тренинг якунида иштирокчилар тадбирни ёшлар учун яратилган амалий майдон сифатида баҳоладилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири