Янги архив сақловхонаси ишга туширилди
Сирдарё вилоятида давлат архивига янги сақловхона биноси фойдаланишга топширилди.
Гулистон шаҳрида жойлашган мазкур янги сақловхона халқаро андозаларга мос келадиган, барча қулайликларга эга бўлган ҳамда энг сўнгги замонавий анжомлар билан жихозланган. Хоналарга компьютер жамланмалари, интернет тизими, кузатув камералари ўрнатилган.

Бугунги кунда Сирдарё вилояти давлат архивида 27 нафар ходим ишлаб келмоқда. Асосий бино 2014 йил фойдаланишга топширилган бўлиб, сақловхонаси 200 минг сақлов бирлигидаги ҳужжатлар қабул қилишга мўлжалланган эди. Эндиликда янги, замонавий архивда 250 минг сақлов бирлигидаги ҳужжатлар сиғими мавжуд.

–Юртимизда архив иши тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар соҳани такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда, – деди “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов. – Тарихимизни ўрганмай, билмай туриб, янгичасига яшашни, ҳаёт тарзимизни ўзгартиришимизни, замонга, буюк аждодларимизга мос авлодни тарбиялашимизни амалга ошириш қийин бўлади. Шунинг учун ҳам архивга эътибор йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Сирдарё вилояти давлат архивида сақланаётган энг қадимги ҳужжатлар 1927 йилга тўғри келади. Янги бинода махсус хоналар ажратилган, иш шароити яратиб берилган, архив ҳужжатларини асраш, келгуси авлодларга етказиш учун жуда кўп ижобий ишлар қилинган.
ЎзА