Ерга оид қонун бузилишларининг олдини олиш ва мавжуд ҳолатларни бартараф этиш мақсадида шу кунларда юртимизда Кадастр агентлиги томонидан долзарб 40 кунлик ўтказилмоқда.
Хўш, бунинг боиси нима, бундан қандай мақсад кўзланган?
– Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқни эътироф этиш масаласида янги қонун чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалгач, айрим шахслар “ҳаракат”га тушиб қолди, – дейди Кадастр агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Фозил Худойқулов. – Яъни “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Демоқчиманки, ҳали жараён давом этмоқда ва қонун кучга кирган эмас. Аммо янги қабул қилинаётган қонун баъзи инсонлар томонидан нотўғри талқин қилинмоқда. Улар “қурилиши мавжуд бўлса, эгалик ҳуқуқи эътироф этилар экан”, деган фикрга бориб, бўш турган ерларга иморат қуриб олишгача боряпти. Ваҳоланки қабул қилиниши кутилаётган қонунда 8 йўналишдаги ҳолатлар кўриб чиқилиши назарда тутилган ва бу ҳолатларнинг барчасида ҳам ҳуқуқ эътироф этилмайди. Қонунда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эмас, балки ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлари бўлмаган ер ва биноларга ҳуқуқни эътироф этиш масаласи кўтарилган. Шунингдек, унда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар эмас, балки тадбиркорлик субъектларига туман ҳокимликлари томонидан ер ажратилиб, вилоят даражасида тасдиқланмаган ҳамда тадбиркорлик субъектлари кичик саноат зоналарига жойлаштирилиб, ҳоким қарори чиқарилмай қолган ҳолатлар кўриб чиқилади.
Қонунда 2018 йил 1 майга қадар қурилган объектлар масаласи кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Агар қурилма ушбу даврдан кейин ўзбошимчалик билан қурилган бўлса, бундай иморатлар белгиланган тартибда бартараф этилади ҳамда ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик қўлланилади.
Ерга эгалик ҳуқуқини бериш маълум даврлар асосида, ер ёки иморатнинг ўтган йиллардаги ҳолатини космик суратлар ёрдамида солиштириш орқали амалга оширилади. Яъни яқин йилларда ерни ноқонуний эгаллаб, уй солган фуқаролар тизимни алдай олмайди. Буни аниқлаш учун мутахассисларимиз вилоятдаги аввалдан фуқаролар фойдаланишида бўлган, аммо якка тартибдаги уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ва кадастр ҳужжатига эга бўлмаган 583 минг 540 та давлат рўйхатидан ўтмаган объектга тегишли маълумотларни ўрганиб чиқди. Натижада вилоятимизда ҳуқуқий ҳужжати мавжуд бўлмаган уй-жойлар 438 минг 815 та (75 фоиз)ни ташкил этиши аниқланди. Тегишли ҳужжатлари мавжудлиги аниқланган 90 мингга яқин объект давлат рўйхатидан ўтказилди. Бошқа объект (бўш ер, дала ҳовли ёки барак)лар 44 минг 502 та (8 фоиз)ни ташкил этмоқда.
Маълумотларга кўра, кадастр агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида ўтказилган ўрганиш ишларида 654 та ҳолатда 192,74 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Қонунбузарларга берилган тушунтириш ва ёзма кўрсатмалардан кейин 228 та ҳолатда қонунбузилиши ихтиёрий бартараф этилиб, 53,53 гектар ер дастлабки ҳолатига қайтарилган. Белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этилмаган 222 та қонунбузилиш ҳолати юзасидан суд идораларига даъво аризалари киритилиб, 79 та ҳолатда 9,2 гектар ер майдонидаги қонунбузилиши тўғрисида прокуратура органларига маълумотлар тақдим этилган. Шу билан бирга, 321 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 229(1)-моддаси 2-қисмига кўра, суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 911-моддаси билан ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди.
Ўз навбатида, ўзбошимчалик билан егалланган ер участкаларидаги қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланади.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири