Янги Афғонистон интеграциялашуви жаҳон нигоҳида
Афғонистон ўтган асрдаги совуқ уруш, XXI асрдаги ички зиддият ва фуқаролик урушлари натижасида тинка-мадори қуриган, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаси батамом издан чиққан қашшоқ давлат сифатида айни пайт оғир иқтисодий-сиёсий йўлни босиб ўтмоқда.
Ўзбекистон ҳар қандай вазиятда халқ манфаатидан келиб чиқиб, бетараф позициясида туриб савдо-иқтисодий, транспорт, логистика, энергетика соҳаларида жон қўшниси Афғонистонни минтақавий муносабатга жалб этишга ҳаракат қилиб келмоқда.
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дипломатик муносабат 1992 йил октябрда ўрнатилган. Ўзаро ҳамкорлик натижасида 2011 йили Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида биринчи марта “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан 75 километрлик “Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўли қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ҳукумати қўшни давлатлар билан “Қўшнинг тинч - ўзинг тинч” нақлига амал қилган ҳолда ҳамкорликни изчил ривожлантириш, Марказий Осиё давлатлари, айниқса, афғон можаросини ҳал этиш ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани қайта тиклашга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириш борасида сўнгги йилларда етакчилик қилмоқда.
Шу боис Марказий Осиё стратегик ва иқтисодий имкониятлар минтақасига айланмоқда. Бинобарин, 2018 йил Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” Тошкент халқаро конференцияси айни шу мақсадни кўзлаган эди.
Мазкур конференция давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 сентябрь куни бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир, дея халқаро ҳамжамиятга қилган мурожаатининг амалий исботи бўлган эди.
2021 йил 17 сентябрда ўтказилган «ШҲТ — Афғонистон» форматидаги учрашувда Ўзбекистон Президентининг гуманитар ҳалокат ва қочқинлар оқими ўсиши олдини олиш учун Афғонистоннинг чет эл банкларидаги давлат активларидан тўсиқни олиб ташлаш зарурлигини қайд этиши эса қўшни давлатни қўллаб-қувватлашининг халқаро майдондаги яна бир дипломатик-прагматик кўриниши бўлди.
Табиийки, Афғонистоннинг ҳозирги раҳбарияти ҳам Ўзбекистоннинг тинчлик жараёнидаги жонбозлигини тан олишини амалий ҳамкорликда намоён қилиб келмоқда.
Жорий йил 2 феврал куни пойтахтимизда Ўзбекистон – Афғонистон - Покистон ўртасидаги “Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар “Йўл харитаси” қабул қилиниши ҳамкорлигимизни янги поғонага олиб чиқди.
Етук иқтисодчи олимлар таҳлилига кўра, тахминан 600 км узунликдаги темир йўл минтақа тараққиётини тезлаштиради. Шунингдек, Афғонистон ва Покистонда электр энергиясига ортиб бораётган талабни қоплаш учун Марказий Осиё мамлакатларидан мавсумий ортиқча электр энергияси етказиб беришни кўзда тутувчи “Сурхон — Пули-Хумри” юқори қувватли узатиш линияси ва CASA-1000 энергия лойиҳаси қурилиши темир йўл участкаларини қуриш харажатларини камайтириши истиқболли, деб топилмоқда.
Келгусида темир йўлни электрлаштириш истиқболи истисно этилмайди ва бу юк ташиш иқтисодий самарадорлигини сезиларли даражада оширади.
Ҳозир Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон халқаро денгиз портларига бевосита чиқиш имконига эга эмас. Шу боис жаҳон бозорига чиқиш учун яқин йўл йўқлиги туфайли юқори сальдоли транспорт ва транзит харажатига дуч келинмоқда, денгизга чиқиш ушбу имкониятга эга мамлакатларга нисбатан 2-3 баробар қимматга тушмоқда. Кетаётган ортиқча вақт эса экспортчи давлатлар маҳсулоти сифати тушмаслиги ва биржадаги нарх салбий таъсирга учрамаслигини кафолатламайди. Бундай шароитда “Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўли қурилиши Жанубий Осиё ва Европа давлатлари ўртасида Марказий Осиё орқали юк ташишга сарфланадиган вақт билан қийматнинг сезиларли ўлчовларини тақдим этади.
Агар «Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли ишга тушса, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон темир йўллари орқали Жануби-шарқий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари ўртасида юк транзити ўсади, экспорт ҳажми кенгаяди, инвесцтиция жалб этилиб, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилади, кўплаб иш ўринлари яратилади.
Ўтган даврда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Афғонистон темир йўлларида юк ташишнинг йиллик ўсиш суръати 25 фоизни ташкил этиб, 2020 йил 4 миллион тоннани кўрсатди. Бу Афғонистондаги иқтисодий тикланишнинг юқори ижобий суръатидан далолат. Маълумотга кўра, «Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли ишга тушгач, дастлабки йилларда ушбу йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми 10 миллион тоннага етиши мумкин.
Яратилаётган янги темир йўл йўналиши халқаро савдо-иқтисодий барқарор ривожланишга кўмаклашади, кўплаб мамлакатлар аҳолиси турмуш даражасини яхшилаш учун мустаҳкам платформа бўлиб хизмат қилади. Бундай йирик халқаро темир йўл тармоқлари минтақа иқтисодиётини ривожлантириш баробарида тинчлик карвон йўлини ташкил этиш, ҳудудда тўлиқ барқарор назорат ўрнатиш ва туризм, савдо инфратузилмасини кенг кўламда такомиллаштиришга асос бўлади.
Олиб борилган изчил дипломатик мулоқот самараси куни кеча Тошкентда бўлиб ўтган конференцияда яна бир бор акс этди. Анжуманда транспорт-коммуникация соҳасидаги лойиҳалар, хусусан, Ўзбекистон – Афғонистон - Покистон темир йўлини қуриш лойиҳаси асосий масалалардан бири сифатида кўриб чиқилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти яқин қўшнимиз - Афғонистон темир йўлларига барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр экани ўзаро манфаатли алоқа давомийлигини тасдиқлади.
Бундан ташқари халқаро экспертлар томонидан транспорт-коммуникация тизимида узоқ муддатли ишончли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва Ўзбекистонда афғон ёшлари таълим даражасини ошириш, аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва бошқа ижтимоий долзарб масалаларда истиқболли таклифлар берилди.
Ушбу халқаро мулоқот “Толибон”га ўз ҳукуматининг халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши йўлида интеграция майдонига эга бўлиш имконини тақдим этади.
Мухтасар айтганда конференция жаҳон ҳамжамиятини Афғонистонга Марказий ва Жанубий Осиёга хавф ёки таҳдид солаётган давлат эмас, икки минтақани ўзаро туташтирадиган кўприк сифатида қарашга чорлади. Белгиланган чора-тадбирлар ярим асрдан бери боши берк кўчага кириб қолган, қарийб 20 миллион аҳолига эга стратегик ҳудудни тинчлик йўлига бошлаш, Марказий Осиё ва Европада тинчлик-барқарорликни таъминлаш ва минтақада йирик саноат ишлаб чиқариш объектлари ташкил этиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда нарх-наво барқарорлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори