Одамзотнинг ҳар бир қадами саботи билан собит, умри умиди ила узун. Бинобарин, дунёи дунда ғам инсон қавмига нечоғли соя солмасин, киши кимгадир дардини айтгиси, “ёрилгиси” келади. Бу мўйсафид дунёда шикаста дилларга дармон бўладиган, керак бўлса, дардни “ютадиган” Аллоҳнинг бир неъмати бор...

Тоғлар! Не-не зотлар қисматини елкасига юклаб, олис-олис сафарга чиққан, бу йўлда неча бор қоқиниб-суринса-да, умид нигоҳини эзгулик аталмиш нурли манзилга тиккан шукуҳли ва шонли карвон. Файзиёб оламнинг мукаррамлиги, муаззамлиги, устуворлиги тажассуми.

Юртимиз тоғларида кўҳна Бухоро ва Афросиёб, Чағониён ва Кеш, Насаф ва Тангиҳарам, Шош ва Туркистон аталмиш ўлкаларнинг Амир Темур, Тўмарис, Жалолиддин Мангуберди, Алпомиш сингари баҳодирлари назари тушган, излари қолган.

Заминдаги Сомон йўли монанд ёйилган, иймон-у диёнат, ҳалол-у савоб сарҳади мисол чизилган бундай пурвиқор манзиллар, эҳтимол, ўшал диёрларнинг тош қотган армонидир?! Шунинг учундир, бу тошларга тўшалган қор кўзнинг оқидан ҳам окроқ...

Кўнглимиз қордек оқ эмаслиги учун ҳам, олам ва осмоннинг тупрокдан униб-ўсган устуни бўлмиш тоғларга пойи қадамимиз ҳар дам етмас, шу боис ҳар сабоҳда ингрармиз...

Девқомат тошларга термуларкан, шоир Салим Ашур шундай ёзган:

Умр дарахтида япроқдир жисмим,

Вужудим портлаш-чун тугилган куртак.

Андуҳлар шамоли тўзғитар кўзим...

Тоғлар эса мангу собитдир, бешак.

Кўкарсам қирдаги гулдай қай замон,

Руҳимни қор янглиғ чулғайди қайғу.

Кетурман аждодлар диёри томон...

Тоғлар, тошлар эса дунёдай мангу.

Ижод одами қўлига беҳуда қалам олмайди. Баъзан келбатли тоғ, забонсиз шошқин шамол, хаёлдай эрка тонгнинг мулойим табассумидан илҳомланиб ёзади.

Яқинда хеш-ақробаларни йўқлаб, тоғлар билан елкадош, булутлар билан бўйлашган олис Деҳқонободга бордик. Бахшилар тили билан айтганда, бу манзилларда ҳар бир фаслнинг ҳузурбахш нафаси билан рўйи замин яшнаб, табиат ғунчадек табассум қилади.

Субҳи содик лаззати ва шу оний лаҳзаларда зийрак тортган заррин шуъла осмони фалакни ёриштириб, дилни мунаввар этади. Сўнг олтин ранг сочини патила-патила тараб – товланиб, қуёш жамол кўрсатади. Сервиқор, оқ қорли тоғ бағридан энтикиб, шарқираб пастга энаётган зилол суви дейсизми, кўз илғамас адири-ю, жаннатмонанд боғи, сурув-сурув қўй-қўзиси-ю, жўшқин дарёдан сув ичган саховатли ва меҳнаткаш, ҳалол ва ориятли эли, афсонавий табиати-ю, ҳузурбахш ҳавоси билан кўпни лол қилган бу замин кишиларни мудом бағрига чорлайверади.

Баҳорнинг лутфи, тароватини томоша қилиб, гиёҳни кўзимга суртдим. Ўзимча чўпонлар билан суҳбат қурган бўлдим.

– Насиб бўлса, бу йил баҳор баракали келади, яйловда ўт мўл, моллар семиряпти, – дейди хуш кайфият билан хўжапулластлик Панжи чўпон. –Билсангиз, биз, чорвадорлар осмонга қараган халқмиз. Доим қор-ёмғирдан умидвормиз. Туриш-турмушимиз шу ўзгарувчан табиатга боғлиқ.

Манглайга кафт қўйиб, кенг адирга қарайман. Исириқ, қўзигул иси аралашиб кетган ёқимли ҳидни фақат шу даштларда туясиз. Чучмома ва қизғалдоқдан тўшалган гилам ўзгача кайфият беради кишига. Бу заминнинг қўй-қўзиси майса аралаш гул билан озиқланади. Шунинг учун ҳам гўшти тотли. Гулнинг минг хилини учратасиз: қизғалдоқ, қўйзира, сариқ чучмома, бўтакўз, тошбақагул, бинафша, қўзигул, сариқ гул, элбоҳа...

Қир-адир от уюми дупури, қўй-қўзи маърови, қўйчибоннинг “қурей-қурей”сига тўлади. Ана, тебранаётган дўмбиранинг юракка яқин саси қулоққа элас-элас эшитиляпти.

Оҳанрабодек ўзига тортаётган “Чўпон чертиш”ни яқинроқдан эшитиш учун овоз келаётган томон юраман.

– Ассалому алайкум, келинг, меҳмон! – дейди болаларга чертишни ўргатаётган бахши акамиз.

Салом-аликдан кейин тоғ, кенг адир, қишлоқ ҳақида гурунг қизигандан қизийди. Бир он мен дашт томонларда тобланган, қўллари баркашдай оқинга юзланаман:

– Дилтортар айтимлардан бир чимдим куйлаб берсангиз...

Бахши қора қумғонда ғарғара қилаётган қайноқ сувдан дамланган аччиқ чойни симириб, бир зум ўйланиб қолади-да, “сизларга устозим Қодир бахшининг “Она” термасидан куйлай”, дейди.

Онажон, қўй, садқа бўлай бошингдан,

Гуллар йиғласа ҳам сен йиғламагин.

Посбон бўлай доим кўз-у қошингдан,

Чўллар йиғласа ҳам, сен йиғламагин.

Сен йиғласанг, она тоғлар бўшайди,

Тош юрак ҳам сувдай бўлиб шовшайди.

Сен йиғласанг, қора тошлар қақшайди,

Тошлар йиғласа ҳам, сен йиғламагин.

Дўмбиранинг гумбур садоси юракларга етиб боради. Бахши куйлайверади. Эшитаётганларнинг кўзида дув-дув ёш...

Терма, достонлар эшитиб, кўнгил ҳузур топди. Яна мағрур ва мудом навқирон тоққа қарайман. Ҳайратим ошади. Кадим Шарқнинг тафаккури монанд теран бу масканлар кўзим қорачиғидек тошдан бино бўлган эрса, ажабмас.

Кўп гувоҳи бўлганмиз, осмондан узилган, катордан учган юлдуз ҳам ўзини тоққа ташлайди. Сиз ҳам кўргандирсиз, тошга қадалган ёки қабрга тикилган кўм-кўк туғ сингари яшил арча новдаси, кўм-кўк мўйи дулбаржин хатидай кўнгилга яқин. Балки, шунинг-чун ложувард осмон, Кумуш биби инжу кўзёшидек тафтли юлдуз, бўрон билан олишиб қутурган денгиз, бобомнинг оппоқ соқоли янглиғ қорли чўққилар улуғворлигидан ҳайратга тушамиз.

Ғамлар ҳам чекинар, кетади ғовлар,

Орқангда мен бор, деб турганда тоғлар.

Сатрлар қуйилиб кела бошлайди…

(Давоми бор)

Ўткир МИРЗО, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна келдим бағрингга, эй тoғ!