Сўлим Бойсун туманида ўтказилган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда дунё тамаддуни бешикларидан бири, миллий урф-одатларимиз макони Бойсун туманида 1-7 май кунлари ўтказилган анъанавий фестиваль дунё халқларининг очиқ осмон остидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик, санъат ва қадриятлар байрамига айлангани алоҳида таъкидланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 февралдаги “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган фестиваль тамомила янги шукуҳ ва янгича услубда, юксак бадиий савияда ўтказилди.
Бу йил еттинчи марта ташкил этилган фестиваль учун мафтункор туманнинг Бибиширин маҳалласида замонавий туристик маскан қурилиб, беш қаватли, тўрт юлдузли муҳташам меҳмонхона, йирик саҳна, амфитеатр, ҳудудлар қўрғонлари учун жой, этноспорт майдончалари ва бошқа инфратузилма иншоотлари бунёд этилди. Қадимий ўтов уйлар тикилиб, Термиз шаҳри, туманлар ва вилоят ташкилот, муассасаларининг 20 дан ортиқ қўрғони тикланди. Ўнта маҳалла ободонлаштирилиб, йўллар таъмирланди. Туристик кўрсаткичлар ўрнатилди. Бойсунлик ёғоч ўймакорлари учта нафис арка туҳфа этди.
Узоқ-яқиндан келган меҳмонларнинг тариф-тавсифу, олқишларига сазовор бўлган байрам доирасида халқаро илмий-амалий конференция, миллий созлар ва миллий либослар, таомлар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари, дроншоулар, этноспорт беллашувлари, шунингдек, улоқ-кўпкари, кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, хўроз уриштириш, варрак сайли каби турли халқ ўйинлари, 20 та тандирда “Тандир фест” (Сурхонча тандир гўшт) ва “Ҳаво шарлари” фестиваллари ўтказилди.
Бойсунлик ҳунармандларнинг узунлиги 31, эни 5 метрли сўзанаси, узунлиги 25 ва эни 5,2 метрли гилами, айланаси 9 метрли бойсунча ноёб дўпписи ҳам фестиваль томошабинларида катта қизиқиш уйғотди. Мамлакатимизда илк марта Бойсунда бир йўла уч кун 20 та ҳаво шари учирилиб, меҳмону мезбонларнинг тоғлар бағридаги мафтункор гўшани томоша қилишига қулай шароит яратилди.
Миллий қадриятлар улуғланган шодиёнанинг халқаро кўрик-танловида Бразилия, Беларусь, Белгия, Буюк Британия, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Португалия, Россия, Руминия, Тайланд, Тожикистон, Ҳиндистон, Эрон каби 16 давлатдан 81 нафар, мамлакатимиздан 130 нафар фольклор жамоаси ва яккахон санъаткорлар ўз маҳоратини намойиш этди.
Очиқ осмон остидаги нафис байрамга келган хорижлик меҳмонлар мамлакатимизда бой номоддий маданий меросимизни янада чуқур ўрганиб, ёш авлод қалбига сингдиришга, ёшларни теран илдизи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилаётган эътиборга муносиб баҳо берди.
[gallery-17314]
Қадимий миллий анъаналаримиз асосида безатилган қўрғонлар саҳналарида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 250 нафар, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ва туманларидан минг нафарга яқин фольклор жамоалари иштирокчиси халқ оғзаки ижодининг энг гўзал наволари ва миллий анъаналаримизни юксак маҳорат билан тараннум этди. Ўндан ортиқ миллий халқ ўйинлари ва томошалари ташкил этилиб, ғолиблар рағбатлантирилгани ҳам хорижлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Миллий кураш, улоқ-кўпкари мусобақалари таассуротларга бой бўлди.
ЮНЕСКО, Туркий давлатлар ташкилоти, ТУРКСОЙ каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестиваль қадимий ва ҳамиша навқирон воҳанинг бой сайёҳлик салоҳиятини ҳам кенг тарғиб қилди.
Фестивалда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан мартабали меҳмонлар, соҳа мутахассислари, санъаткорлар ва мухлислар иштирок этиб, вилоятнинг туристик масканлари билан танишди.
Маълумотларга кўра, фестиваль кунлари 400 дан ортиқ хорижий қатнашчи, 20 нафар юқори мартабали меҳмон ва сайёрамизнинг турли давлатларидан 10 минг 200 нафарга яқин чет эллик сайёҳ қадимий воҳада бўлди. Етти кунда мамлакатимизнинг шаҳар ва вилоятлари, Сурхон воҳасининг шаҳар ва туманлари, хорижий давлатлардан 620 минг нафар сайёҳ Бойсунга келиб, фестиваль билан танишди.
Бразилия, Буюк Британия, Тожикистон, Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистон вакилларидан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борган фольклор, миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати кўрик-танловида Ўзбекистон, Белгия, Беларусь, Буюк Британия, Япония, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари жамоалари фахрли ўринларни эгаллади.
Халқаро тадбирни жаҳондаги 100 дан ортиқ оммавий ахборот воситаси вакиллари кенг ёритди. Ижтимоий тармоқларга 25 нафар хорижий, 120 дан ортиқ республика ва 250 га яқин маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходими, блогер ва вайнерларнинг 2 минг 500 дан ортиқ пости жойланди. Халқаро фестиваль Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари орқали 70 дан ортиқ давлатда кенг тарғиб қилинди. Хусусан, Германия (Stimme der Hauptastadt) Саудия Арабистони (Tourism World, Adwaalwatan.com, Alharir.info), Испания (El Mundo Financiero), Жанубий Корея (UN Journal), Бельгия (The European Geopolitical Forum) Ироқ (Wrkaа News), Иордания (Ammon News), Марокаш (Al-Inmae) Россия (Большая Азия) Қозоғистон (“Almalife, Инфозакон) Қирғизистон (Kabar) Япония, Уммон султонлиги ва бошқа мамлакатларда қизиқарли мақолалар берилди.
Бир ҳафта давом этган халқаро фестивалнинг хорижлик меҳмонлари келгуси “Бойсун баҳори”га ҳам келишни ният қилиб, мезбонлар билан қуюқ хайрлашди.
Тадбирда халқаро фестиваль доирасида вилоят ҳокими соврини учун ўтказилган "Заковат" интеллектуал ўйини ғолиблари тақдирланди. Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими эл суйган санъаткорлар ва фольклор жамоаларининг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири