Айни кунларда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида Ўзбекистон Республикасини қўшни Қирғиз Республикаси билан боғловчи чегара пости қурилиш ишлари жадал паллага кирди.
Президентимизнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида икки мамлакатнинг ҳудудлараро келишувлари амалга оширилган ҳамда унда Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамловчи “Йўл харитаси” битими имзоланганди.
Ҳозир Учқўрғон туманидаги Бўстон маҳалласининг “Учқўрғон – Маданият” йўлининг 10-километрида жойлашган “Учқўрғон” чегара божхона пости қурилиш жараёнлари қизғин кечмоқда. Таъкидлаш жоиз, худди шундай истиқболли лойиҳа Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Навкент тумани Қизилтуу қишлоғи ҳудудида жойлашган “Кенгсай” божхона постида ҳам амалга оширилмоқда.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов мазкур чегара пости қурилиш жараёнлари билан танишиб, бунёдкорлик ишларини тез ва сифатли бажариш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Мазкур божхона чегара постининг очилиши вилоятимиз ва Учқўрғон тумани аҳолиси учун катта қулайликлар яратади. Бу нафақат туман, балки Наманган вилояти иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этади, логистика, хизмат кўрсатиш каби соҳалар ривожланади.
Қардош икки давлатни бир-бири билан боғловчи яна бир дўстлик йўли – “Учқўрғон” ва “Кенгсай” чегара божхона постлари жорий йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Амалга оширилаётган бундай улуғвор саъй-ҳаракатлар ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги муносабатлар, дўстлик ришталари ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири