Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Бозор ислоҳотлари ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигига эришиш янада жадаллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегияларига мувофиқ Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодиётга тўлиқ интеграциясини таъминлаш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига изчил ўтказиш, иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш ва тадбиркорларга эркин фаолият юритиши учун қулай шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
[gallery-24211]
Шу билан бирга, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга уйғунлаштириш, давлат корхоналарининг махсус (эксклюзив) ҳуқуқларни босқичма-босқич бекор қилиш ҳамда иқтисодиётда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш орқали очиқ ва рақобатбардош бозор муҳитни шакллантириш зарурати юзага келмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан қора ва рангли металл ломи ҳамда чиқиндиларини тайёрлаш, харид қилиш, қайта ишлаш ва реализация қилиш, табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси соҳаларидаги йирик давлат корхоналарининг эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинди ҳамда мазкур соҳаларда лицензиялаш тартиби жорий этилиши белгиланди.
Шунга асосан лойиҳа билан қора ва рангли металл ломи ҳамда чиқиндиларини тайёрлаш, харид қилиш, қайта ишлаш ва реализация қилиш, табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятларни лицензиялаш жорий қилинмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Мажлисда кўрилган яна бир масала “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар экспертлар томонидан батафсил ўрганилганда амалдаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун бугунги кунда мавжуд муаммоларни тўлиқ ҳажмда ҳуқуқий томондан тартибга солиш имконини бермаётгани маълум бўлмоқда.
Хусусан, қонун бундан қарийб 20 йил аввал қабул қилинган бўлиб, бугунги кунда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидаги тирбандликни камайтириш, ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ва юқори сифатли хизматлар кўрсатиш, пулли автомобиль йўллари тармоғини яратиш масалаларини тартибга солиш имконини бермасдан қолмоқда.
Шундан келиб чиқиб, янги таҳрирда “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан “автомобиль йўлларини режалаштириш” механизми жорий этилиб, йўл инфратузилмасини аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириш назарда тутилмоқда. Йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикри ва атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича қатъий талаблар ўрнатилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасига коммуникация тармоқларини қуришда йўлларнинг аввалги ҳолатини тиклаш харажатларини қоплаш шарти киритилмоқда. Йўлларда катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тартибга солинмоқда. Ажратилган ва йўл бўйи минтақаларида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштиришга оид талаблар белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг яна бир асосий жиҳати, бу пулли йўллар тармоғини барпо этишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Ушбу йўналишда инвесторларга имтиёзлар тақдим этилмоқда.
Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти, айни чоғда заруратига алоҳида эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича бир қатор саволларни ўртага ташлашди. Қонун ташаббускорлари берилган барча саволлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб, билдирилган айрим таклифлар қонун лойиҳасини такомиллаштириш ва маромига етказишда эътиборга олинишини қайд этдилар.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мажлисда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган – “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ноширлик фаолиятининг замонавий инфратузилмасини яратиш йўлида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, китоб чоп этишга мўлжалланган ускуналар, қоғоз ва сиёҳлар импорти учун божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди. Ноширлик корхоналарига 3 йилгача имтиёзли кредитлар ажратиш тизими йўлга қўйилди. Бу молиявий механизм кичик ва ўрта турдаги нашриётларнинг мустаҳкам фаолият юритишига кўмаклашмоқда.
Натижада охирги тўрт йилда нашриётлар сони 3,5 баробарга кўпайиб, 590 тадан ошди. Нашриётларнинг ишлаб чиқариш қуввати 2 баробар ошиб, ҳар йили ўртача 11 минг номда жами 40 миллион нусхада адабиётлар нашр этилмоқда.
Шу билан бирга, ушбу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, ҳусусан китобларда қонунчилик ва ижтимоий ахлоққа зид маълумотлар, нотўғри фактлар чоп этилишининг олдини олиш мақсадида нашриёт бош муҳаррирининг ҳуқуқий мақомини ва масъулиятини қонунчиликда белгилаш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига нашриётлар масъулиятини ошириш, нашриёт бош муҳаррирининг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва китобхонлик маданиятини рағбатлантиришга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартириш киритилмоқда.
Қонун лойиҳаси бош муҳаррирнинг ҳуқуқий мақомини белгилашга, нашр этилаётган китобларнинг сифати ошишига, хуқуқий, маънавий-маърифий ва эстетик талабларга мос келмайдиган адабиётлар чоп этилишининг олдини олишга, адабиётлардаги тарихий, илмий ва оммавий маълумотлар янада аниқ ва ишончли бўлишига, китобхонлик маданиятини янада ривожлантиришга қаратилган.
Депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти ва заруратига алоҳида эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича бир қатор саволларни ўртага ташлашди. Қонун ташаббускорлари берилган барча саволлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар бердилар.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Н.Насриев
Р.Назарматов(сурат)
ЎзА