“Ялдо кечаси” – аждодларнинг изтироблари, орзу-армонларидан сўзловчи асар
...Олис, совуқ, қуёшкўрмас юртларга йўл олган поезд аламли пишқиради. Унинг гувиллашида Ватан шаъни, унинг ҳурлиги ва озодлигини дунёда барча нарсадан устун билган инсонларнинг армонлари, изтироблари бордек.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоннинг “Ялдо кечаси” номли асарининг ёшлар, адабиёт мухлислари учун ўзига хос тақдимоти ана шундай кутилмаган ва айни пайтда таъсирчан лавҳа билан бошланди.
Республика маънавият ва маърифат маркази томонидан ташкил этилган “Сўз” лойиҳаси доирасидаги ушбу тадбир кенг жамоатчилик, айниқса, ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Айтиш керакки, мазкур асар мамлакатимиз адабий ҳаётида ўзига хос воқелик бўлди. Айни пайтда оддий ўқувчилар орасида уни мутолаа қилмаганлар ҳам кўпчиликни ташкил этиши айни ҳақиқатдир.
Устоз ижодкор, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоннинг “Ялдо кечаси” асарига бағишланган театрлаштирилган шеърий-концерт дастури аслида бироз маҳзун адабий маърифий кеча тарзида ўтказилди. Негаки, Ватан ҳақида қайғурган, унинг тақдирига ўз тақдирини боғлаган, Ватанни деб, инсонга бир марта ато этилувчи энг ширин неъмат – ҳаётига якун ясалган аждодларимизнинг умр йўли изтиробли, ҳасратларга тўла экани барчамизга яхши аён.
Бугунги мураккаб глобаллашув даврида ёшларни китобхонликка жалб этиш ғоят муҳим масала экани тобора аён бўлмоқда. Мукаммал бадиий асарни ёшларга кенгроқ тақдим этишда эса “Сўз” лойиҳаси каби маърифий тадбирларнинг аҳамияти беқиёсдир.
– “Сўз” лойиҳаси мана бир неча ойдирки, яхши анъанага айланди, – деди Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов. – Бу лойиҳа ёшларни китобхонликка даъват этишдек мақсадларни кўзлайди. “Ялдо кечаси” асари билан адабиётимизда янги давр бошланди. Бугунги дориломон кунлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганини тушуниш учун ҳам шундай асарлар керак.
– Адабиётда ҳақиқат бадиий усулларда талқин этилади, – деди навоийшунос олим, филология фанлари доктори Олимжон Давлатов. – Мен бу асарни ҳамма ўқисин, демайман. Бу асарни миллат учун қайғурадиган, имонли одамлар ўқисин, дейман! Ватанни имоннинг асосий шарти, деб қабул қиладиганлар бу асарни ўқиши керак!
Тақдимот давомида асар тафсилотлари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш этилди. Саҳна талқини томошабинларга асар руҳини чуқур ҳис этиш, қаҳрамонлар кечинмаларини жонли идрок этиш имконини берди. Шунингдек, мусиқий чиқишлар, жумладан, таъсирчан қўшиқлар ва бугун миллий шеъриятимизда ўз дадил овози билан мухлислар меҳрини қозонган бир гуруҳ ёш шоирларнинг Ватан, истиқлол ҳақидаги шеърлари кечага алоҳида бадиий руҳ бағишлади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, “Ялдо кечаси” асари ўзбек адабиётининг буюк намуналаридан бири — Ўтган кунлар муаллифи Абдулла Қодирий қолдирган маънавий анъаналарнинг замонавий давомидек янграйди. Асарда миллий руҳ, инсон тақдири ва давр нафаси бадиий жиҳатдан чуқур ифода этилган. Энг муҳими, бу каби тадбирлар ёш авлодда китобхонликка қизиқиш уйғотиш, миллий қадриятларга ҳурмат руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Сўз” — бу шунчаки лойиҳа эмас. У қалбни уйғотувчи куч, тафаккурни бойитувчи ва жамиятни эзгуликка чорловчи маънавий минбардир. Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар эса бадиий сўзнинг беқиёс қудратини яна бир бор намоён этмоқда.
[gallery-28424]
– “Ялдо кечаси” асарини машҳур асарнинг давоми, деб жўнгина айтиш унчалик ҳам тўғри эмас, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам. – Бу – юз йил ҳурлик деб яшаган боболаримиз олдидаги қарз. Ҳазрат Қодирийнинг романига татаббу тарзида яратилган мазкур асар жадид боболаримизнинг орзулари ҳақидаги ўзига хос ҳикоядир. Уни дарслик сифатида ўрганиш керак.
“Сўз” лойиҳасининг адабиётимизда муҳим воқеликка айланган асарга бағишланган дастури ғоят самимий, таъсирчан руҳда ўтди.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА