Якуний назорат имтиҳонлари жамоатчилик назоратида
Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ҳам айни амалиётни йўлга қўйди.
Хабарингиз бор, 2020 йил 18 январь куни Бош прокуратурада Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида олий таълимдаги коррупция ҳолатлари, асосан, талабалик сафига қабул қилиш, ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовлар, талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, магистратурага қабул, шунингдек, талабаларнинг ўқиш жойини кўчириш, ўқиш йўналишини ўзгартириш ҳамда ўқишга қайта тиклашда коррупция ҳолатлари кузатилаётганлиги кўрсатиб ўтилган эди.
Ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовларда адолатсизликка йўл қўймаслик мақсадида бир қатор олий таълим муассасалари имтиҳонларни жамоатчиликни жалб этган ҳолда ўтказмоқда.
Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ҳам айни амалиётни йўлга қўйди.
Ҳозирда филиалда 2019/2020 ўқув йили кузги семестрида ўтилган фанлардан якуний назорат имтиҳонлари ўтказилмоқда. 2020 йил 13 январдан ҳар бир фан бўйича талабаларда тегишли билим, кўникма ва малакалар шаклланганлиги даражасини назорат қилиш ва таҳлил қилиб бориш мақсадида якуний назорат имтиҳонлари ташкил этилмоқда.

Уларнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида эса ота-оналар ва жамоатчилик иштирок этмоқда.
Навбатдаги имтиҳонлар 22, 24 ва 27 январь кунлари ўтказиладиган бўлиб, унга барча хоҳловчилар таклиф этилган.
Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, ҳар бир фан бўйича назорат турларидан ўтказилаётган имтиҳонлар аниқлик, ҳаққонийлик, ишончлилик ҳамда билимларни баҳолашда шаффофликни таъминлаш каби асосий тамойилларга амал қилган ҳолда ташкил этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида талабаларнинг билимини холис ва адолатли баҳолашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, филиал дипломининг мавжудлиги ички ишлар органларига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида махсус касбий тайёргарликни ўтмасдан, “лейтенант” махсус унвони берилган ҳолда хизматга қабул қилиш учун асос бўлади. Бу олий таълим муассасасида ўқишни тамомлаган шахслар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида камида 5 йил ишлаб беришлари мажбур.