Якунига етмаган қабиҳлик...
Қонунан расмийлаштирилмаган никоҳ оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий асосини таъминламайди.
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи фуқаро М.Н ва фуқаро Г.Қ.нинг оиласи ҳам ана шу сабаб қисқа муддатда барбод бўлди.
Гап шундаки, фуқаро М. гулдек оиласи, рафиқаси ва 2 нафар фарзанди бўла туриб, туманнинг Муқимий шаҳарчасида яшовчи Г. исмли аёл билан муносабат ўрнатади. У ёғини сўрасангиз, Г. М. сингари саёқ юрган йигитларнинг кўнглини хушлаб кун кўрадиган жувон эди. Аммо бу йигит Г. билан бир-икки маротаба учрашиб, унга боғланиб қолади. Кейин икки ёш шаръий никоҳ билан турмуш қуради. Бинобарин, М. у билан Қўқон шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида ижарада яшай бошлайди.
Албатта, турмуш, оила, деганлари жуда муқаддас тушунча. Яъни оила, рўзғор фақатгина қайноқ лаҳзалардан иборат эмас. Унинг ўзига яраша муаммолари, пасту баландлари бор. Бунга эса ҳар ким тоқат қилолмайди.
«Қаҳрамон»ларимизнинг турмуши ҳам худди шундай бўлади. Аниқроғи, аёлнинг кундалик эҳтиёжларни, рўзғордаги камчиликларни айтавериши вақт ўтгани сайин М.га ёқмай қолди. Айниқса, у Г.нинг ҳомиладор бўлиб қолганини ортиқча ташвиш, «бош оғриқ» сифатида қабул қилади.
Шу боис М. аёлдан боладан воз кечишни талаб қилиб, уни урадиган одат чиқарди. Баъзан «Сени ўлдираман», дея дағдаға ҳам қиларди. Қолаверса, йигит секин-аста бу манзилдан қадамини торта бошлади. Бундан эса Г.нинг жаҳли чиқарди.
Йигит Г.нинг қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўйди. Аёл эса хўжайини билан унинг дўсти Зарифжон орқали боғланишга мажбур бўлди.
Орадан 4 кун ўтиб, йигит хотини онасиникида ўтирган маҳали дабдурустдан кириб келди. "Қани юр, уйга кетамиз", деди у хотинига.
Бир неча кундан буён уни кутиб ўтирган Гулмира ортиқча гап гапирмай, машинага чиқди. Шомга яқинлашиб қолган эди. М. тўғридан-тўғри уйга бориш ўрнига соат 23:00ларга қадар хотинини "Lacetti” машинасида айлантириб юради. Йўл-йўлакай у билан гап талашиб қолиб, таҳдид қилади. Хаёлан эса «Шу бугун ундан қутулмасам бўлмайди», дейди ўзига-ўзи. Кейин қабиҳ режасини амалга ошириш учун “Lacetti"ни Ўзбекистон туманининг "Ўрта қишлоқ" маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Катта Фарғона канали томонга ҳайдайди. Канал бўйига боргач, Г.нинг кўкрак қисми, қорни ва елкасига мушт туширди.
Сўнг ожизани тортиб, пастга тушириб, каналга итариб юборади. Сувнинг оқими тез бўлгани боис Г. каналнинг ўртасига бориб қолади.
"Ёрдам беринглар, қутқаринглар", деб бақиради у.
Шу пайтда ўз машинасида канал бўйидаги йўлдан ўтиб кетаётган М.нинг поччаси Р. Мамиржонов қайноғасини кўриб тўхтайди ва дарҳол кийими билан сувга сакрайди. Аёлни қутқариб, уни қайнонасиникига олиб боради.
Воқеадан хабар топган туман ИИБ тезкор ходимлари жабрланувчининг олдига етиб боради. Юз берган аянчли ҳолат тафсилотларини ипидан игнасигача сўраб-суриштиришади. Натижада М.га нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Шу ўринда эътироф этиш лозимки, Г. суд мажлисида хўжайинига нисбатан бағрикенглик қилди. Яъни у ўзига етказилган моддий зарар қопланганлигини билдириб, эрига енгиллик берилишини сўради. Бироқ жиноятга жазо муқаррар. Бинобарин, суд судланувчини Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми «б» банди билан айбдор деб топиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.
Аброржон ОМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Учкўприк туман судининг раиси