Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокимлигининг ташаббуси ва Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Яккабоғ туман муассасаси вакилининг таклифига биноан Фанлар академияси Тарих институти “Қадимги давр тарихи” бўлими илмий ходимлари ва Миллий университет “Археология” кафедраси ўқитувчиларидан иборат гуруҳ туманнинг “Учтепа” МФЙ ҳудудидаги боғ майдонида сақланиб келган ер ости иншоотини кўздан кечирди.
Тарҳи 12 қиррали ушбу ер ости иншооти 25х25х5 см. ўлчамдаги пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, кириш эшиги жанубда жойлашган, эни ва узунлиги 4,75 метр, бўйи 2 метр бўлган мақбара эканлиги аниқланди. Иншоотнинг ғиштларини теришда улар орасига 1-2 см. қалинликдаги қир қоришмасидан фойдаланилган.
Соҳибқирон Амир Темур Шаҳрисабздаги “Дор ус-саодат” мажмуасида ўзи учун қурдирган мақбаранинг тузилишига айнан ўхшаш ушбу ер ости иншоотининг ичи ва сиртидан мовий бўёқли қопламалар ёпиштирилган пишиқ ғишт бўлаклари ҳам топилди. Илк таҳлиллардан келиб чиқиб, унинг қурилиш даврини 14-15 асрлар билан боғлаш мумкин. Шунингдек, ёдгорлик кўзга кўринган барлос бекларидан бирининг мақбараси бўлгани ҳақидаги фаразни илгари суришга имкон беради. Қолаверса, келгусидаги тадқиқотларда бу масалага аниқ ечим топилади, деган умиддамиз. Бунинг учун эса бу мақбарани давлат муҳофазасига олиш, ёдгорликни панжара билан ўраб, устини ёпиш ва археологик тадқиқот ишларини ўтказиб, сўнг сайёҳлик инфратузилмасига киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Дилмурод Нормуродов,
ФА Тарих институти бўлим бошлиғи