Яккабоғда байрам тадбири бўлиб ўтди
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгашининг “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
– Юртимизда кейинги йилларда рўй берган ислоҳотлар халқимиз турмуш тарзи, шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси, одамлар дунёқараши ва юрт келажагига бўлган ишончи ҳамда эътиборини тубдан ўзгартириб юборди, – дейди партиянинг вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Асланов. – Мамлакатда кечаётган демократик ислоҳотларда партиямизнинг ҳам ўзига хос ҳиссаси бор. Биз сиёсий куч сифатида дастлаб тадбиркорлар ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаган бўлсак, бугунги кунга келиб ёшлар, хотин-қизлар ва аҳолининг кам таъминланган қатламларини ҳам қўллаб-қувватлашни ўз зиммамизга олганмиз.

Тарғибот тадбирида партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этди. “Биргаликда биз – кучмиз”, “Ўзбекистон: биргаликда юксалиш сари!”, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” каби шиорлар баралла янграб турди.
Тадбир давомида тумандаги фаол фермерлар, тадбиркор, ўқитувчи, спортчи ҳамда зиёлилар юрт истиқболи, эришилаётган натижалар, келажакдаги мақсадлар хусусида ўз фикрларини билдирди.

Санъаткорлар, вилоят театри, шаҳар ва туман бадиий ҳаваскорлик ансамбллари ижодкорларининг чиқишлари барчага хуш кайфият бағишлади.
Ўлмас Баротов, ЎзА