Яхши дам – меҳнатга ҳамдам
Бухоро вилояти пахтакорлари жорий йилда 109 минг 600 гектар майдонда мўл ҳосил етиштирди. Айни кунларда ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай йиғиб-териб олиш қизғин давом этмоқда.
Бухоро вилояти пахтакорлари жорий йилда 109 минг 600 гектар майдонда мўл ҳосил етиштирди. Айни кунларда ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай йиғиб-териб олиш қизғин давом этмоқда.Бу жараёнда теримчиларга зарур шарт-шароит яратиш, тиббий, маданий ва савдо хизмати кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси, Маънавият тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тарғибот гуруҳлари дала меҳнаткашларининг бўш вақтини мароқли ўтказиш учун турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этмоқда.
Таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлардан иборат тарғибот гуруҳлари махсус жадвал асосида барча туманларда бўлиб, пахтакорлар ҳузурида учрашувлар ўтказмоқда. Бундай учрашув ва суҳбатлар, концерт дастурлари теримчиларга хуш кайфият улашмоқда.
Пешку туманидаги “Турон”, "Малишояк", “Мовий осмон”, “Аслон Фармон замини” фермер хўжаликлари даласида ўтказилган ана шундай тадбирларда бир гуруҳ ижодкорлар, олимлар иштирокидаги самимий мулоқотлар, санъаткорларнинг Ватан, тинчлик, эзгулик ва муҳаббатни тараннум этувчи куй-қўшиқлари теримчиларга завқ бағишлади.
– Йиғим-теримни уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқилган махсус дастурга мувофиқ, теримчиларнинг унумли меҳнат қилишлари учун тегишли шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Бухоро вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Ўлмас Рашидов. – Улар орасида маданий хизмат кўрсатиш алоҳида ўрин тутади. Вилоят мусиқали драма театри, қўғирчоқ театри, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вилоят бўлими санъаткорлари туманларда бўлиб, ҳар бири ўзига хос дастури билан теримчиларни хушнуд этмоқда. Яхши дам – меҳнатга ҳамдам, дейишади. Ижодий жамоалар куй-қўшиқлари, саҳна томошалари орқали пахтакорларга завқ улашиш, уларнинг кайфиятини янада кўтаришга ҳисса қўшмоқда.