“Ягона дарча” хизмати: тез ва қулай
Президентимизнинг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Жиззах вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Ягона дарча” марказлари ташкил этилди.
Президентимизнинг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Жиззах вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Ягона дарча” марказлари ташкил этилди.Тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилаётган ушбу марказларни ахборот-коммуникация ва муҳандислик-технология воситалари билан жиҳозлаш, интернет тармоғига улаш, кадрлар билан таъминлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
Мазкур марказларда тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйишни интернет тармоғида автоматлаштирилган тизим орқали 24 соат узлуксиз амалга ошириш тартиби жорий этилмоқда. Бундан ташқари, 16 турдаги давлат хизматларини “Ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиш, амалдаги қонунчиликда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 2 кун бўлса, энди ушбу жараён 30 дақиқа ичида амалга оширилиши белгиланган.
Шу чоққача рўйхатга олиш ҳақида қарор қабул қилиш, статистик кодларни олиш, муҳр ва штамп эскизини тасдиқлаш ҳамда солиқ тўловчининг индентификация рақамини бериш мутасадди орган томонидан 3 соат ичида амалга оширилган бўлса, ушбу тартиб-таомилларни автоматлаштирилган тизим орқали 30 дақиқа ичида расмийлаштириш кўзда тутилмоқда.
Ғаллаорол туманида “Ягона дарча” марказлари фаолиятини йўлга қўйишга бағишланган вилоят кўргазмали семинарида шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Унда иштирок этган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, назорат қилувчи органлар вакиллари туманда “Ягона дарча” марказини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
– Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг янги тартиби жорий этилиши барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан муносабатларда тадбиркорлар ва мулкдорлар ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, – дейди Жиззах вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобур Умрзоқов. – Мамлакатимизда қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимининг йўлга қўйилиши келгусида ортиқча маъмурий чекловларни аниқлаш ва уни бартараф этиш имконини бераётир. Шу жиҳатдан ҳам “Ягона дарча” марказлари хизматларининг аҳамияти катта.
Семинарда иштирокчиларга Президентимизнинг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбиркорлик субъектлари вакиллари мутахассислардан “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.