Ядровий таранглик нима билан тугайди?
Бугунги кунда дунё жамоатчилиги орасида нафақат ҳарбийлар ва сиёсатчилар, балки бошқа турли соҳа вакиллари ҳам замонавий ҳарбий-сиёсий можароларни ҳал этишда ядро қуролидан фойдаланишнинг оқибати ҳақидаги кенг муҳокомага қўшилган.
Айни жараённинг бориши, салбий оқибати, ядро қуролини қўллашнинг олдини олиш йўллари сингари жўяли масалаларга асосли ечим изланмоқда. Янги даврда давлатлар манфаати бир-бирига мос келмаётгани, мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун ядровий воситалардан фойдаланиш бўйича турли баёнотлар тарқатилиши, шунингдек, пешма-пеш ўтказилаётган ҳарбий машқлар мазкур жараёнда бир-бирига зид қарашлар юзага чиқишига сабаб бўлмоқда.
Жаҳонда вужудга келаётган ҳарбий-сиёсий зиддиятларни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилиш ўрнига, кучли давлатлар бир-бировига нисбатан “ядро таҳдид”ини намойиш қилмоқдалар. Оқибат, давлатлараро мунособатда можароли вазиятларни ўзаро мулоқот, муроса, келишув йўли билан бартараф этиш ўрнини ишончсизлик эгалламоқда.
Айни долзарб масалалар хусусида мулоҳаза юритиш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсий фанлар доктори Сайфиддин Жўраевга мурожаат қилиб, бугун дунёнинг диққат-эътиборида бўлган мавзу - ядро хавфи ҳақида суҳбатлашдик.
- Ҳурматли Сайфиддин Аҳматович, дунёдаги ядро қуроллари эгалари кимлар? Жаҳон оммавий ахборот воситаларида учрайдиган “ядро клуби” ибораси нимани англатади? Шулар ҳақида батафсил маълумот берсангиз?
- Аввало шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, дунё ҳеч қачон бугунгидек ядро урушига яқин бўлмаган. Жаҳонда геосиёсий таранглик юқори даражага чиқиб, кундан кунга кучаймоқда.
Вазиятни яққолроқ тасаввур этишда мавжуд ядро қуроли ва шундай аслаҳалар соҳиби бўлган давлатлар, ядронинг таъсир доираси, куч-қудрати ҳамда дунё бўйлаб жойлашуви, ҳарбий жанговарлик ҳолатидан бохабар бўлиш муҳим аҳамиятга эга.
Ядро қуролига эга давлатлар шартли равишда “ядро клуби“, деб номланади. Бу мамлакатлар бир неча гуруҳга бўлинади.
Биринчи гуруҳ - “Ядро қуролига эга эски давлатлар”га - Россия, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой киради. Мазкур давлатлар “Ядро қуролини тарқатмаслик шартномаси” (1968 йил) асосчилари ҳисобланади. Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Ўзбекистон бу шартномага 1992 йил қўшилган.
Иккинчи гуруҳда ушбу шартномани имзоламаган, бироқ “Ядро қуролига эга ёш давлатлар” - Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея қайд этилади.
Учинчи “Норасмий ядро қуролига эга” давлат сифатида Исроил эътироф этилади. Бу мамлакат ўз ядро қуроли борлиги ҳақида расман хабар бермаган.
Илғор хорижий экспертлар баҳосига кўра, ядро давлатлари биргаликда 13 минг ядро каллагига эга, шундан 9 минг 600 таси ҳарбий мақсадда ишлатишга тайёр. Мавжуд ядро арсеналининг 90 фоиздан зиёди АҚШ ва Россия ихтиёрида. Бу икки давлат ядро аслаҳасиини яратиш, қуролдан фойдаланиш тажрибаси ва бошқа бир қатор тегишли имкониятлар бўйича дунё етакчилари ҳисобланади.
Бугунги кунда жанговар шайлик мунтазам оширилаётгани жаҳон ҳамжамиятини хавотирга солмоқда. Қуролларнинг тайёргарлик даражасини аниқлаш учун мунтазам ҳарбий машқлар ўтказилмоқда.
Қолган етти мамлакат ядро билан боғлиқ янги қурол-яроғ тизимини ишлаб чиқмоқда, бу йўлдаги фаолиятни жадаллаштирмоқда.
Жумладан, 2021 йил Буюк Британия ядровий жанговар каллаклар захира миқдорини ошириш қарорини эълон қилди, Франция эса учинчи авлод баллистик ракеталари билан жиҳозланган атом сув ости кемасини ишлаб чиқиш дастурини қабул қилди. Ҳиндистон ва Покистон ядро дастурини кенгайтириш билан овора бўлса, Исроил соҳани модернизация қилмоқда. Хитой 300 та янги парвоз жойини бунёд этиш бўйича иш олиб бормоқда.

- Башарти, АҚШ ва Россия бир-бирига ядро қуролини қўлласа, сизнинг назарингизда, оқибат нима бўлади?
- Албатта, кечирилмас тарихий фожиа юз беради. Мутахассислар тахминича, мабодо АҚШ ёки НАТО Россия томон 150 килотонналик ядрони йўналтирса, қурол табиийки, Москвага етиб боради.
Икки давлат ҳудудида ҳам қурол етиб борган жойда етти километрлик радиусда бор тирик мавжудот, ўсимлик дунёси бутунлай йўқолиши, дастлабки соатларда 90 миллион киши ҳалок бўлиши мумкин. 15 километрлик радиусда радиоактив нурланиш юз беради. Бевосита иқтисодий ва ижтимоий коллапсдан ташқари осмонни “ядро тумани” қоплайди. Инсон соғлиғи учун ўта заҳарли бўлган 150 мегатонна газ ҳосил бўлади. Атмосферанинг озон қатлами 75 фоиз қисқаради. Нурланиш оқибати саккиз йилгача сақланиб туриши айтилади.
Экспертлар Россия НАТО ёки АҚШ зарбасига тактик ядро қуроли билан жавоб қайтаришини ҳам фараз қилишади. Россия бу босқичда Европага кичик ҳажмли, узоқққа учадиган ракета ва авиация ёрдамида ядро бомбаси отади.
Кейинги босқичда курашаётган томонлар бир-бирига зарба беришни давом эттиради, бундан кўзланган мақсад қарама-қарши томон ядро кучларини батамом йўқотишга қаратилади.
АҚШ ҳам ҳарбий каллаклари билан “ядро уруши”га қўшилиши мумкин. Россия эса Америка ҳудудига океан бўйлаб жавоб беради. Кейинроқ ҳарбий субмариналарга талафот бериш бошланади. Бу биргина давлатнинг ядро қуроли қўллаши оқибати ҳақида. Оммавий равишда бу ажал воситасидан фойданилса-чи?!
Қисқаси ядро қуролидан фойдаланиш инсоният яшаб турган заминни, бор мавжудотни узоғи билан 30 йилда бутунлай йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин. Демак, ер шарида ҳеч ким ва ҳеч нарса омон қолмайди.
- Ядро таҳликаси Ғарбдан чиқиб, Осиё қитъасига ҳам етиб келгани бугун маълум. Бу ҳақда қандай мулоҳазаларингиз бор?
- Жанубий Осиёда ҳам муайян эҳтимол йўқ эмас, афсуски. Мутахассислар фикрича, Ҳиндистон - Покистон низоси туфайли ядро унсури қўлланса, натижада атмосферага 5 мегатонна аморф углероди тарқалади ва озон қатлами тўртдан бир қисмига қисқаради. Бу ҳолатда қайта тикланиш учун 12 йил вақт керак бўлади.
- Кўпчилик сиёсатчилар дунёдаги ҳарбий-сиёсий вазиятни Шимолий Корея ядро дастури чигаллаштирмоқда, дейишади. Бу давлатнинг ядровий имконияти нималарда кўринади?
- Дарҳақиқат, кейинги вақтдаги мавжуд ҳарбий-сиёсий ҳолат вазият ўта мураккаблигидан далолат. Ядро қуроли бўйича таранглик ҳудуди кенгайиб, Шарқдан чиқиб, Корея ярим оролига етиб борди, хавфсизлик ва барқарорликка реал таҳдид пайдо бўлди.
Корея Халқ Демократик Республикаси ядро дастурига устувор эътибор қаратмоқда. Давлат раҳбари “агар АҚШ мамлакатимизга таҳдид соладиган бўлса, биз ядро қуроли билан жавоб берамиз”, дея баёнот берди. Шимолий Кореяда Америкага зарба бериш имконияти мавжудми, йўқми, бир нима дейиш қийин. Фақат масаланинг иккинчи томони борки, КХДР ўз қудратини намойиш этиш учун ядро қуролини атрофидаги мамлакатларга қарата қўллаб, зарар етказиши мумкин.
Шимолий Корея миллий хавфсизлик стратегиясининг марказий қисми сифатида ҳарбий ядро дастурига устувор аҳамият бераётгани бор гап. Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда 20 тача жанговар ядро каллаги йиғилган ва яна 45-55 каллак ишлаб чиқариш учун етарли материал тўпланган. Йил бошидан бери КХДР Япон денгизи томон 23 марта ракета учирди. Октябрь ойида ракеталардан бири, тахминан, 20 дақиқа парвоз қилиб, Тинч океанига қулашга қадар тўрт ярим минг километрдан кўп масофани босиб ўтди.
Яна бир гап: яқинда Шимолий Корея парламенти ҳукуматнинг ядро қуролидан фойдаланишини қонунлаштириб берди. Энди ташқи ҳужумдан ҳимояланишда ядро қуроли имкониятидан огоҳлантириш мақсадида истифода этилиши мумкин.

- Ядро уруши ҳақида гап кетганда, биринчи навбатда, Хиросима ва Нагасаки фожиаси ёдга тушади. Шундай эмасми?
- Албатта! АҚШ илк бор 1945 йил 6 ва 9 августда Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбасини ташлайди. Бу дунё тарихида биринчи марта содир этилган шундай ҳужум. Мана 70 йилдан ошдики, бундай қуролни такрор ишлатишга, ҳозирча, ҳеч бир давлат жазм қилолмаган.
Икки шаҳар бомбардимони оқибатида 450 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган. Тирик қолган 200 мингга яқин инсон орасида шу бугунгача ҳам радиация нурланиши оқибатида турли касалликлардан фориқ бўлолмаганлари бисёр. Айниқса, онкологик касалликлардан ҳалок бўлганлар сони жуда кўп.
Бомба тушган жойлар кулга айланган. Икки километр атрофида ҳамма нарса куйиб кетган, 20 километр радиусдаги уй-жойлар жиддий зарар кўрган.
Мазкур ядро зарбалари ҳарбий вазиятни тубдан ўзгартириб юборган. Япониянинг ҳарбий гарнизони ва инфратизими, яъни аэродромлар, бошқарув пунктлари бутунлай тикланмас ҳолга келган. Натижада орол қисқа вақтда забт этилган.

- Халқаро кузатувчилар 1962 йили кузатилган “Кубадаги танглик”нинг аччиқ ҳақиқатидан ҳам хулоса чиқариш керак, дейишади...
- Менимча ҳам бу тўғри фикр. Ҳақиқатан, ҳозирги жараённинг ўта мураккаб томонини Кариб танглиги мисолида кўрса бўлади.
Аввало, 60 йил аввалги давр, вазият, ядро қуролининг сифати, қуввати ва ядро давлатлари салоҳияти бугунги кундагидан кескин фарқ қилади. Қолаверса, ҳарбий қўмондонларга Кубада жойлаштирилган совет ракеталаридаги ядро қуролини вазиятга қараб, вақтни бой бермасдан, яъни Москва билан келишмасдан мустақил равишда қўллашга изожат берилган эди. Бошқача айтганда, мавжуд ҳолат инсон омилига боғлиқ бўлиб қолган.
Бундай ҳаракат бугун ҳам қайтарилмаслигига кафолат йўқ. Негаки, ядро қуролининг шакли, замонавий турлари кўпайиб кетган. Масалан, бугунги кунда қитъалараро баллистик ракеталар, ядро қуролини ташувчи ва портлатувчи мосламалар, қанотли ракеталар мавжуд. Шунингдек, яқин масофага мўлжалланган тезкор тактик ядро қуроллари ва ўта яқин масофага мўлжалланган тактик ракеталар бор.
Қудратли давлатлар бир-бирига қарши ядро қуролини қўллаши мумкинлиги масаланинг бир томони. Бинобарин, бундай воситага эга бўлмаган, яъни ядро қуроли билан жавоб беролмайдиган давлатлар ҳам бор-ку ер юзида.
Яна бир ҳолат, яъни ядро захираси ва даражаси, миқдори турлича бўлган давлатларнинг бир-бирига нисбатан қурол қўллаши билан боғлиқ “ким ўзар?” масаласи ҳам бор бу ерда. Бунинг натижасида... ҳеч ким оқибатдан четга қолмайди.
Доно халқимизнинг “Етти ўлчаб, бир кес!”, деган нақли бор. Менимча, айни вазиятда бу нақлни бироз ўзгартириб, “етмиш марта ўлчаб, бир кесиш” усулига ўтмоқ лозим. Зеро, кузатилаётган ҳарбий-сиёсий воқеаларга оддий қараш, ҳолатни тушунмасдан талқин қилиш тескари натижага олиб келиши мумкин. Бундай шароитда бугунги дунёнинг чалкашликлари, ноаниқлари, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончсизликни чуқур ўрганмасдан, вазиятнинг моҳиятига етмасдан қарор қабул қилиш ярамайди. Аксинча, жараёнга таъсир этувчи омилларни, шарт-шароитни профессионал жиҳатдан чуқур ўрганишнинг аҳамиятини бир неча баробар оширишга эътибор қаратиш даркор.
Бу жараёнда ҳарбий-сиёсий жараённи стратегик таҳлил этиш, жамиятнинг ривожланиш тамойилларини аниқлаш асосида қарорлар қабул қилиш, шунингдек, жаҳонда муносиб ўринга эга бўлиш ва мавқени мустаҳкамлаш бўйича илмий-таҳлилий ишланмаларга эҳтиёж ошиб бормоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ядро қуролини қўллаш хавфи кучайиб бораётгани сари, бошқа томондан бунга йўл қўймаслик ҳаракатлари ҳам авжига чиққан. Яқинда бўлиб ўтган БМТнинг ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани имзолаган давлатлар иштирокидаги конференцияда ҳам мазкур мавзу қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Ким қўллайди-ю, ким қўлламайди қабилидаги гаплар билан бир хулосага келиш қийин кечди. Ҳар ҳолда турли хил қарашларга эга томонлар вазиятни чуқур англаётганини ҳарбий-сиёсий тарангликни ечиш томон ташланган ижобий қадам сифатида кўриш мумкин.
Бундай шароитда янги давр ўйини қоидаларидан келиб чиқиб, барча давлатлар манфаатини эътироф этиш ва ҳурмат қилиш, мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг сиёсий-дипломатик йўлларини топиш, барча саъй-ҳаракатларни тинчликни сақлашга, бунёдкорлик ишларига, фуқаролар фаровонлигини оширишга йўналтириш лозим. Бугунги муҳим стратегик вазифалардан бири ягона даврага бирлашиб, келишув асосида зиддиятни бартараф этишни тақозо этади.
Бу йўлда Ўзбекистон ва шахсан давлатимиз раҳбари олиб бораётган дўстона ва тинчликпарвар ташқи сиёсат, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташаббуслар беқиёс аҳамият касб этмоқда.
- Сайфиддин Аҳматович, мазмунли суҳбатингиз учун миннатдорлик билдираман.
ЎзА шарҳловчиси Аброр Ғуломов суҳбатлашди.