Одатда, заргарлар билан ядрошунослар фаолияти бир-бирига сира яқин эмас. Бироқ яратувчанлик бу соҳаларни қайси жиҳатдандир боғлаб қўйиши ҳам мумкин экан.
Одатда, хотин-қизларимиз турли-туман тақинчоқлар шайдоси. Буни билган ўзбекистонлик ядрошуносларимиз атомдан айни шу мақсадда фойдаланиб, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларга ранг бериш имкониятини ярата олди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти физик-ядрошунослари томонидан қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни бўяш технологияси ёрдамида заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилган.
Мазкур даргоҳнинг физика-математика фанлари доктори, профессор Элвира ИБРАГИМОВА қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни бўяш технологияси ва бу борада эришилган илмий натижалар ҳақида батафсил сўзлаб берди:
– Тошларга ранг бериш ядровий технологиялар асосида бажарилади, – деди Элвира Ибрагимова. – Шу боис, бу жараёнга изоҳ берай. Аслида, бу қизиқарли ва кўп изланиш талаб қиладиган меҳнатдир. Масалан, қимматбаҳо тошларга маълум бир ранг бериб уни бойитиш мумкин. Ранг бериш технологиясининг моҳияти шундаки, бунда рангсиз тош нейтрон оқими ёки бошқа элементлар заррачалари билан нурлантирилади. Кристаллда бўлиб ўтадиган жараёнлар натижасида унинг ранги ўзгариши ҳолати кузатилади. Бу билан табиат шароитида бир неча юз йилликларни талаб этувчи ходисаларга замонавий технологияларни қўллаб, анча тезроқ эришилади.
Исталган рангга киритиш, нурлантириш оқимининг кучи ва давомийлигига ҳамда кристаллнинг ўлчамига боғлиқ бўлади. Масалан, заргарлар орасида асосан мовий-ҳаво рангдан тўқ кўккача бўлган топазлар юқори қийматга эга. Энг қимматли тўқ кўк рангга эришиш учтошни узоқ нурлантириш талаб этилади.
Радиацион ишлов бериш вақтида тошнинг қандай рангга кириши унинг элемент таркиби билан боғлиқ. Биз асосан табиий топазлар билан иш олиб борамиз. Улар кўпроқ кўк рангдаги тусларга киради. Табиий таркибига кўра, бозорларда анчагина юқори қийматга эга бўлган сариқ ва ҳатто пушти рангларни ҳам чиқариш мумкин. Ҳозир биз маълум бир металларнинг атомини нурланишгача бўлган минералга қўшиш йўли билан пушти рангдаги топаз ҳосил қилиш устида иш олиб бормоқдамиз. Умуман олганда, бу усулни қўллаш ёрдамида исталган ранг ва тусга киритиш мумкин. Гап фақат қандай қилиб бу металл атомларини тошнинг тузилмасига бириктиришдадир.
Тошларга ранг беришда радиацион услуб қўлланилгунига қадар заргарлик соҳасида улар кимёвий ва термик, шу жумладан, рентген нурларини қўллаш услуби билан бойитилган. Бироқ эришилган натижалар давомий бўлмаган. Электрон тезлатгичлар ва атом реакторларининг пайдо бўлиши билан вазият ўзгарди. ЯФИ мутахассислари учун радиацион ранг бериш услубининг барча турларини ва айнан атом реакторида тез нейтрон оқимлари билан нурлантириш, электрон тезлатгич ёрдамида гамма-нурлантириш услуби, шу қаторда тошларнининг хавфсиз даражагача "совуш" вақтини камайтириш имконини берувчи услубларни алмаштириш кабиларни амалга ошириш имконияти мавжуд.
Ранг бериш ва уларни барқарорлигидаги энг яхши натижаларга тошларни ядровий реактор нейтронлари билан нурлантириш орқали эришилган. Замонавий 10 МВт (ЯФИдаги тадқиқот реакторининг кучи айнан шундай) реакторларда нурлантириш вақти бир неча соатдан бир неча суткагача давом этади. Аммо бу ерда инобатга олиниши керак бўлган яна бир вақт фактори мавжуд. Бу тошлардаги радиоактивликни хавфсиз даражагача пасайишини кутиш вақтидир. Албатта, бунда савдога мутлақо хавфсиз бўлган тошлар чиқарилади.
Заргарлик соҳасидаги минералларга ранг беришга бўлган талаб олимлар бера оладиган таклифдан анча юқори. Табиий қазилмаларнинг камайиши, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни қазиб олишдаги қийинчиликлар билан бирга заргарлик бозорида радиацион усул билан ранг киритиш мумкин бўлган қўшимча синтетик ашёларнинг ҳам кўпайиши кузатилмоқда. Бу эса ишлаб чиқаришнинг ошишига олиб келган яна бир факторлардан дейиш мумкин.
Энди ўз-ўзидан шундай савол туғилади: бу заргарлик буюмлари –тошларнинг харидорлари кимлар? Аввало, изланиш ва ишлаб чиқариш моддий имконият билан боғлиқ. Шу сабабли ҳам, ЯФИ ядрошунослари учун экспорт салоҳиятини ошириш нуқтаи назаридан бу йўналиш юқори талабларга сабаб бўлганини таъкидлаш жоиз. Ушбу йигирма йил давомида эришилган тажриба институт мутахассисларига бир ойда 200 килограммгача бўлган минералларга ранг бериш, институт учун эса бу йиллар давомида бир неча миллион АҚШ долларлик фойдага эришиш имкониятини берди. Германия, Италия, Буюк Британия, Ҳиндистоннинг йирик заргарлик компаниялари ушбу бўялган тошларнинг асосий мижозларидир. Айни кунларда Осиёнинг Жанубий-Шарқий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш учун музокаралар олиб борилмоқда. Ўйлайманки, бу борада бошлаган ишларимиз институтимиз фаолияти учун ҳам ҳар жиҳатдан ютуқлар олиб келади.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди.