Ядро қуролидан ҳоли дунё сари
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳар йили 29 август куни Қозоғистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюция асосида Ядро қуроллари синовига қарши ҳаракатлар халқаро куни нишонланади.
29 август – Ядро синовларига қарши ҳаракатлар халқаро куни
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳар йили 29 август куни Қозоғистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюция асосида Ядро қуроллари синовига қарши ҳаракатлар халқаро куни нишонланади. Бу йил Қозоғистоннинг Семипалатинск полигонида атом бомбасининг биринчи синови ўтказилганига 71 йил тўлди.
Ана шу сана муносабати билан Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалди билан суҳбатлашдик.
– Жаноб элчи, аввало, инсониятни ядро қуролларидан халос этиш, дунёни тинч маконга айлантириш, олий хилқатни оммавий қирғиндан асраб қолишга қаратилган резолюциянинг қабул қилиниши тарихига тўхталсак.
– 2009 йил 18 июнда Семипалатинск ядро полигонида синовлар тўхтатилганининг 20 йиллигига бағишланган тантаналарда, шунингдек, ўша йил 1 июлда жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг III қурултойи очилиши чоғида Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 29 августни ядро қуролларидан воз кечиш куни, деб эълон қилиш ташаббуси билан чиқди.
Атом қуроли тарқалишига қарши кураш – ўзида ядро синовлари оқибатини бошдан ўтказган ва қирғин келтирувчи ядровий салоҳиятдан ихтиёрий воз кечган Қозоғистон учун устувор йўналишдир. Мамлакатимиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида биринчилардан бўлиб ядро қуролини тарқатмаслик ва Ядро қуролини умумқамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартномага қўшилди. Қозоғистон, шунингдек, ядро синовларига қарши ҳаракатлар халқаро кунини бундай тажрибалар оқибати ҳақида ахборот тарқатишга кўмаклашиш мақсадида нишонлаш таклифи билан чиқди. 29 август – бу нафақат Семипалатинск полигонида биринчи синов ўтказилган, балки 1991 йилда айнан Президент Назарбоев томонидан полигон ёпилгани тўғрисидаги буйруққа имзо чекилган кун ҳам. Бу эса ядровий қуролларни тарқатмаслик режимини мустаҳкамлашга муҳим улуш бўлиб қўшилди.
Узоқ давом этган мулоқот ва музокаралардан кейин БМТ Бош Ассамблеясининг биринчи қўмитасига «Ядровий синовларга қарши ҳаракатлар халқаро куни» резолюцияси лойиҳаси кўриб чиқиш учун киритилди. 26 давлат резолюцияга ҳаммуаллифлик қилди.
2009 йил 2 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 29 августни Ядро синовларига қарши ҳаракатлар халқаро куни деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, ҳар йили ядро синовларининг даҳшатли оқибатларини дунё аҳлига эслатиш, келажакда уларнинг қайта бошланишига йўл қўймасликка қаратилган тадбирлар ўтказилади. Семипалатинск полигонининг расмий ёпилиш куни сифатида халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган бу муҳим сана нафақат Қозоғистон, балки бутун дунё учун тарихий аҳамиятга эга.
Резолюцияда БМТга аъзо барча давлатлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, ОАВ ва алоҳида шахслар Ядро синовларига қарши ҳаракатлар халқаро кунини муносиб тарзда, жумладан, ахборот-тарғибот ишларининг барча унсурларидан фойдаланган ҳолда нишонлашга чақирилади.
Ядро синовларига қарши ҳаракатлар халқаро куни биринчи марта 2010 йили нишонланган. Шундан буён ҳар йили бу кун бутун дунёда турли тадбирлар, жумладан, симпозиум, конференция, кўргазма, танловлар ўтказиш, мақолалар чоп этиш, академик институтларда маърузалар ўқиш, ахборот мазмунидаги кўрсатувлар тайёрлаш билан нишонланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ҳам ҳар йили шу кунга бағишланган тадбирлар ўтказилади.
– Қозоғистоннинг ядро синовларини тақиқлаш даъвати билан чиқиши бежиз эмас. Семипалатинскда ўтказилган синовлар халқ бошига улкан кулфат келтирди. Маҳаллий ва атрофдаги ҳудудларда экология бузилди, оғир хасталиклар миқдори ошди. Шундай эмасми?
– Дарҳақиқат, ядро синовлари тарихи – азоб-уқубат тарихи. Негаки, дунё миқёсида ҳозиргача 2000 дан ортиқ ядро синови ўтказилган бўлса, аксарият ҳолларда, асосан, ёрдамга муҳтож ҳудудлар аҳолиси жабр кўрди. Ушбу синовлар бир давлат чегараси билан чекланмай, атроф-муҳит, одамлар саломатлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий ривожланишга таъсир кўрсатадиган фожиавий оқибатларга олиб келади. Масалан, тадқиқотчилар томонидан Қозоғистонда 40 йил давомида синалган атом қуроллари ярим миллиондан зиёд инсоннинг ирсиятини бузгани айтилмоқда. Ядро синовларидан полигон атрофида яшаган бир ярим миллондан зиёд қозоғистонлик азият чекди. Қозоқ чўлининг Семипалатинск ва Қарағанда вилоятлари туташган Бельгия ҳудудича улкан майдонида ҳам ер усти, ҳам ер ости атом синовлари ўтказилган. 1960-йиллар бошигача юздан зиёд атом қуроли очиқ ҳавода синалган. Баъзан шамол заҳарли радиацияни атрофдаги қишлоқлар устига ёғдирган. Олимлар фикрича, кейинроқ ер остида портлатилган бомбалар ҳам ер ости суви ва экологияни бузган.
Полигон ҳозир ёпиқ, аммо очиқ синовларни кўрган гувоҳларнинг 4-авлодида ҳам радиацияга алоқадор бедаво касалликлар учрамоқда.
1949-1989 йиллар оралиғида Қозоғистоннинг Семипалатинск ҳудудида 480 га яқин ядро синови тажрибадан ўтказилгани натижасида нафақат минтақадаги инсонлар ҳаёти хавф остига қўйилган, балки экологик вазият ҳам таранглашган. “Қизил китоб”га киритилган бир қатор ҳайвонлар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида. Семипалатинскда 1948 йилда ишга туширилган полигон майдони жиҳатидан Ер юзида иккинчи ўринда турган ва дунёда тўртинчи йирик ядровий арсенал ҳисобланган. Айнан шу ерда Совет иттифоқининг илк атом қуроли синовдан ўтказилган.
– Ҳозир Семипалатинскдаги инфратузилма ва экологик аҳвол қандай?
– Турли йилларда Москва-400, Семипалатинск-21, Конечная, Курчатов номлари билан аталган Иртиш дарёси бўйидаги махфийлаштирилган шаҳарда бир вақтлар ядро бомбаси синовини ўтказган совет олимлари ва ҳарбийлар ҳамда уларнинг оила аъзолари яшаган. Назорат ўтиш пунктлари билан ўралган ҳудудга кириш осон бўлмаган. 50 минг атрофида аҳоли яшаган шаҳарга энг сара озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарлар келтирилган, ишлаш учун барча шароитлар яратилган. Умумий майдони 18,5 минг квадрат километр бўлган ҳудудда советлар даврида оғир юкларни келтириш учун эндиликда яроқсиз ҳолатга келиб қолган бетон йўл ётқизилган.
Ҳозир «синов майдони» ярим қуруқ майса билан ўралган даштни эслатади. Гарчи, қозоғистонлик олимлар 30 йилдан бери ҳудудни зарарсизлантиришга уринаётган бўлсалар-да, бу ерда ҳамон радиация даражаси юқори, ҳатто қўшни вилоятларда ҳам болалар ирсий нуқсон билан туғилмоқда. Маҳаллий тиббиёт университетида ногирон туғилган болаларнинг даҳшатли коллекцияси йиғилган. Семей тиббиёт университети шифокорлари тадқиқотига кўра, мазкур ҳудудда онкологик касалликлар, қон бузилиши, юрак-қон томири хасталиклари Қозоғистоннинг бошқа минтақаларига нисбатан 10-15 фоиз кўп учрайди. Бундан ташқари, боланинг муддатидан олдин тушиши 50 фоизга ошган. Хуллас, Қозоғистон халқи айни фожиадан катта жабр кўрди ва ҳозир ҳам ядро портлаши оқибатини ўз танасида ҳис қилмоқда. Шунинг учун ҳам Қозоғистон дунёда ядро қуроллари синовини тақиқлаш ва ядросиз дунёни барпо этиш учун курашмоқда.
– Семипалатинскдаги экологик аҳволни яхшилаш учун қандай чоралар кўрилган?
– Полигон ёпилган пайтда Қозоғистон олдида ернинг ҳолатини қандай тиклаш ва полигон ҳудудида қолган ҳарбий-саноат мажмуасини нима қилиш керак, деган савол кўндаланг бўлди. Бу ва бошқа муаммоларни ҳал этиш мақсадида Курчатовда Миллий ядровий марказ ташкил этилди. Марказ ходимлари тадқиқот ўтказиб, ер культивациясини амалга оширмоқда. Шу мақсадда ер юзаси шундай ҳайдаладики, тупроқнинг зарарланган қисми пастда қолади, тозаси юзага чиқади.
– Қозоғистон ядровий синовлардан қаттиқ азият чеккани сабабли бу борада қатор халқаро ташаббусларни кўтарди ва кўтармоқда. Ўтган йиллар ичида расмий Нур-Султон халқаро миқёсда яна қандай ташаббусларни илгари сурди ва халқаро тадбирларга бош-қош бўлди?
– 2010 йил 26 августда Остона (ҳозирги Нур-Султон)да Ядро қуролларини умумқамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартномага тайёргарлик кўрувчи комиссия ижрочи котиби Т.Тота, МАГАТЭ раҳбарияти ва бошқа халқаро ташкилотлар иштирокида ушбу халқаро кунга бағишланган конференция бўлиб ўтди. Якунда конференция қатнашчилари томонидан Мурожаат қабул қилинди. Анжуманда мамлакатнинг ядро қуролига эгалик қилишдан ихтиёр воз кечган ва жаҳондаги энг йирик ядровий синов полигонларидан бирини ёпиш борасида тарихий қарор қабул қилган Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг ядровий қуролсизланиш ва ядро қуролларини тарқатмаслик глобал жараёнига қўшган улкан ҳиссаси қайд этилди. Мурожаатда, шунингдек, Ядро қуролларини умумқамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартномани тезроқ кучга киритиш чақириғи ўрин олди.
2011 йил 12-13 октябрь кунлари Остона ва Семей шаҳрида Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги ва Семипалатинск ядровий синов полигони ёпилганининг 20 йиллигига бағишланган «Ядросиз дунё учун» халқаро форуми ўтказилди.
Форум ишида МАГАТЭ Бош директори Ю.Амано, Ядро қуролларини умумқамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилоти тайёрловчи комиссияси ижрочи котиби Т.Тот, ШҲТ Бош котиби М.Иманалиев, АҚШ энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Д.Понеман, ЖАР президенти, Нобель мукофоти совриндори Ф.де Клерк ва бошқа турли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Якунда конференция иштирокчилари томонидан Остона декларацияси қабул қилинди. 29 августнинг Ядро синовларига қарши ҳаракатлар халқаро куни деб эълон қилиниши ядровий қуролсизланиш ва ядро қуролларини тарқатмаслик мақсадига, бутун дунёда ядровий синовлар тақиқланишига ва ядросиз дунёга эришилишига хизмат қилиши эътироф этилди.
2012 йил 27-29 август кунлари Остона, Семей ва Курчатовда Ядро синовларига қарши ҳаракатлар халқаро кунига ва Семипалатинскдаги ядровий полигон ёпилишининг 21 йиллигига бағишланган «Ядро синовларини тақиқлашдан ядро қуролидан ҳоли дунё сари» халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Конференция трибунасидан туриб Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Н.Назарбоев «АТОМ» халқаро лойиҳаси ишга тушганини эълон қилди, конференция қатнашчилари ва дунёдаги барча яхши ниятли одамларни «АТОМ» лойиҳасини қўллаб-қувватлашга, дунё ҳукуматларини ядро синовларидан буткул воз кечишга чақирди. Давлат раҳбари яна ядросиз дунё умумдекларациясини тезроқ ишлаб чиқиш ва қабул қилишга чақирди.
«ATOM» лойиҳасининг мақсади – бутун дунё одамларини жипслаштириш орқали ядро қуроллари синовини ўтказишга қарши курашда реал, доимий ўзгаришларга эришиш, охир-оқибат, дунёни ядро қуролидан халос этишдан иборат. Лойиҳа доирасида ядро қуролига қарши чиқадиган Ер юзидаги ҳар қандай киши дунё ҳукуматларини ядро синовларидан буткул воз кечишга чақирувчи, ядро синовларини умумқамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома тезроқ кучга киришига эришиш, ядровий таҳдиддан ҳоли дунёни қуриш йўлида муҳим қадам ташлашга даъват этадиган онлайн-петицияга имзо қўйиши мумкин.
Мазкур ташаббус эълон қилингандан бошлаб, лойиҳа тақдимоти бутун дунё бўйлаб ўтказилди. Тадбир доирасида машҳур рассом, «АТОМ» лойиҳасининг фахрий элчиси, ўзи ҳам Семипалатинск полигонидаги ядровий синов қурбони бўлган Карипбек Куюковнинг картиналари кўргазмаси уюштирилди.
«АТОМ» лойиҳаси тақдимоти Гаагадаги кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотида, Женевадаги БМТнинг Европа бўлими қароргоҳида, АҚШ Сенати ва Вашингтондаги қатор илмий-тадқиқот марказларида, Венадаги Ядро синовларини умумқамровли тақиқлаш ҳақидаги шартнома ташкилоти қароргоҳида, Япониянинг Токио, Хиросима, Нагасаки шаҳарларида, Москвадаги «Аргументы и Факты» газетаси таҳририятида, Берлиндаги Конрад Аденауэр фондида, шунингдек, Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус сессияси доирасида, Норвегия (Осло), Мексика (Найарит) ва Буюк Британия (Лондон, Эдинбург)да ядро синовлари гуманитар оқибати бўйича халқаро конференцияларда ўтказилди.
2017 йил 29 августда Элбоши Н.Назарбоев ва МАГАТЭ Бош директори Ю.Амано иштирокида Ульбин металлургия заводи базасида МАГАТЭ паст бойитилган уран банки биносининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Банк учун ўз ҳудудини тақдим этган Қозоғистон оммавий қирғин қуролларини тарқалмаслик режимини мустаҳкамлашга ва МАГАТЭга аъзо давлатларга паст бойитилган уран етказиб беришнинг мутлақо янги кафолатланган механизмини яратишга яна бир ҳисса қўшди.
2019 йил 29 августда Нур-Султонда «Ядро қуролисиз дунё ва глобал хавфсизлик учун Назарбоев мукофоти»ни топшириш тантанали маросими бўлиб ўтди. Ядро синовларини умумқамровли тақиқлаш шартномаси ташкилоти ижрочи котиби Лассина Зербо ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ)нинг марҳум бош директори Юкия Амано мукофотнинг илк совриндорлари бўлишди.
Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан БМТ Бош котиби А.Гутерриш мукофотларни топшириш маросими қатнашчиларига видеомурожаат йўллаб, ядро қуролидан ҳоли дунё, жумладан, ядро синовларига тақиқ БМТнинг қуролсизланиш соҳасидаги муҳим вазифаси бўлиб қолаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан БМТ Бош котиби Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевга унинг бу ишга садоқати ва ушбу мукофотни таъсис этгани учун миннатдорлик билдирди.
2019 йил 29 август куни Нью-Йоркда Қозоғистоннинг доимий вакили К.Умаров тантанали тарзда БМТ котибиятига ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ратификацияси ҳақидаги ҳужжатни топширди.
2020 йил 26 август куни Ядро синовларига қарши ҳаракатлар халқаро кунига бағишланган видеоконференция шаклидаги тадбир ўтказилди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Бош Ассамблеяси раиси М.Бандэ иштирокидаги маросимда Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Н.Назарбоевга янги ноёб мақом – «Ядро синовларини умумқамровли тақиқлаш шартномаси ташкилоти чемпиони» мақоми расман тақдим этилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг сана муносабати ташкил этилган махсус сессиясида Ядро қуроллари синовини умумқаровли тақиқлаш ҳақида шартнома ташкилоти ижрочи котиби Лассина Зербо Нурсултон Назарбоевга унинг раҳбарлиги пайтида Қозоғистоннинг ядросиз дунё қуриш борасидаги глобал уринишлари ва бу борадаги тарихий ҳиссаси учун янги мақом билан тақдирлаш ташаббусини илгари сурди. Элбошининг 1991 йил 29 августда Семипалатинскдаги дунёнинг энг йирик ядро полигонларидан бирини ёпиш ҳақидаги мислсиз қарори нафақат инсоният тарихидаги ядро синовлари ўтказишга ҳуқуқий тақиқ, балки халқаро кунни таъсис этиш учун асос бўлди.
Қозоғистон умум ядровий қуролсизланиш борасида биринчи бўлиб реал қадам қўйди. Жаҳон ҳамжамияти ҳали совет тузуми парчаланмай ташланган бу қадамни Элбошининг глобал халқаро хавфсизликка қўшган шахсий ҳиссаси, деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, ушбу сана муносабати билан видеоконференцалоқа шаклидаги расмий тадбирлар АҚШ ва Буюк Британия пойтахтда тегишлича 2 ва 6 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Сўзим якунида яна бир ташаббусга тўхталмоқчиман. 2017 йил 7 июлда БМТнинг Ядро қуролларини йўқ қилиш халқаро ҳаракати ядро қуролларини тақиқлаш масаласини кўтарди ва бу масалада 122 мамлакатнинг хайрихоҳлигига эришди. Ушбу битимни қабул қилган 40 мамлакатнинг 12 таси Осиё ва Тинч океани ҳудудида жойлашган. Ядро синовларини буткул тақиқлаш ҳақидаги шартнома ядро қуролларини йўқ қилиш ва тарқатмаслик учун ниҳоятда муҳим ва дунёда ядро қуролини ишлаб чиқишни чегаралаб, тинчлик, хавфсизликни таъминлайди.