Бугун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг 65 йиллиги муносабати билан “Ядро энергетикаси ва ядровий технологияларнинг ҳозирги замондаги муаммолари” мавзусида Халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ядро физикаси институти республикамизда ва Марказий Осиё ҳудудидаги энг йирик илмий текшириш маскани ҳисобланади. Институтнинг илмий бўлинмалари ва тадқиқот ядро реактори, циклотрон, электрон тезлатгичи, гамма қурилмаси ва нейтрон генератори каби ноёб объектлари базасида ҳозирги замон фан ва техникасининг истиқболли йўналишларини қамраб олган хомашё, буюм ва асбоб-ускуналар импорти ўрнини босувчи, жаҳон бозор талабларига жавоб берувчи экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган фундаментал ва амалий изланишлар олиб борилади.
Институт ишланмалари республикамизда ҳамда унинг ташқарисида кенг миқёсда ўз тадбиғини топмоқда. Жумладан, тиббиёт соҳасида импорт ўрнини босувчи ташхис ва даволаш радиоактив воситаларини ишлаб чиқариш, тиббиёт ашёлари ва фармацевтика препаратларни радиациявий зарарсизлантиришни олиб бориш, турли касалликларда микроэлементларнинг ролини аниқлашнинг аналитик услубларини қўллаш йўлга қўйилган. Институт ўзининг аналитик хизматлари ҳамда сув ва ҳавони тозалаш самарали тизимларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали атроф-муҳитни ҳимоя этишда фаол иштирок этиб келади. Институт томонидан республика тоғ-кон саноати (НТМК, ОТМК) учун асосий қазилмалар билан бир қаторда нодир металларни ажратиб олиш технологиялари ишлаб чиқилган.
[gallery-4763]
Конференциянинг асосий мақсади фундаментал ва амалий ядро физикасининг ҳозирги замондаги тенденциялари, ядро энергетикаси, ядро технологияларини ишлаб чиқиш ва қўллаш, ядровий тиббиёт соҳаларидаги дунё миқёсида эришилган ютуқлар билан кенг кўламда танишиш ва халқаро илмий алоқаларни янада кенгайтириш ҳисобланади.
Юртимиз олимлари ва мутахассисларининг ядро физикаси, ядровий технологиялар соҳаларидаги илмий ишлари ва уларнинг юқори савияси чет эл олимларининг эътиборини жалб этмоқда. Шунингдек, конференцияда олим ва мутахассисларининг илмий изланишларда кооперация масаласи ҳам муҳокама қилинади.
Конференция иши 25 ноябрга қадар давом этади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА