Йўргагимда сени кўрганман, Ватан!
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!
ВАТАН
Мен кўз очиб кўрган ёруғ оламда,
Дер эдим, мунисим ёлғиз онам-да,
Ажиб хотиралар жонланар манда –
Йўргагимда сени кўрганман, Ватан!
Бу кўҳна заминга қўйиб илк қадам,
Қоқилсам, таянчим бўлганда отам,
Кўз олдимда турар сувратинг ҳар дам,
Йўлагимда сени кўрганман, Ватан!
Бола кўнглим баҳорни суйган куним,
Кўкламу майса исин туйган куним,
Онамга деб бир чечак узган куним,
Тилагимда сени кўрганман, Ватан!
Кулча отсам, анҳорда оқиб кетди,
Юрагимга алам ўтин ёқиб кетди,
Иссиқ тандир ёнида бир тишлаган
Бўлагимда сени кўрганман, Ватан!
Ҳаёт – денгиз эрур, умрдир – карвон,
Учди оққуш ўзга соҳилга томон,
Дуолар қадалган ифори райҳон
Кўйлагимда сени кўрганман, Ватан!
Бахтимга бойланди илоҳий ришта,
Бешигимда ётар жажжи фаришта,
Моҳир кулол, Ўзи қўллар ҳар ишда,
Гўдагимда сени кўрганман, Ватан!
Боғимда шовиллаб ўсди дарахтлар,
Шамоллар йўлини тўсди дарахтлар,
Хокисор одамнинг дўсти дарахтлар,
Терагимда сени кўрганман, Ватан!
Отам – чинор эди, онам – мажнунтол,
Бири – офтоб эди, бириси – ҳилол,
Бўзласам, бўз тупроқ олгайдир малол
Тиргагимда сени кўрганман, Ватан!
Ҳаётнинг ҳар они бўлмагай байрам,
Оламда яшагай яхши, ёмон ҳам.
Сенга тош отсалар, оғрийди танам,
Курагимда сени кўраман Ватан!
Узилсам ё сендан кетсам йироқлаб,
Юрасанми номим кўксингда сақлаб?!
Ҳатто руҳим сени келгай сўроқлаб,
Юрагимда сени кўраман, Ватан!
Тақдиримда сени кўраман, Ватан!
Юрт байроғи
Бир йиқилиб турди рингга тиралиб,
Бўйсунмай қолганди қўлу оёғи.
Ҳолсиз боласига куйган онадай,
Кўзига термулар юртнинг байроғи.
Бирдан вужудини қамради титроқ,
Жасорат, матонат жўш урди танда.
Юксакка чорларди ҳилпираб байроқ:
“Сени шонлар кутар !– дея Ватанда”.
Бор кучини йиғди муштига ўғлон,
Енгди рақибини бир наъра тортиб.
“Сен учун ғалабам, сенга, онажон!”,
Дерди, юрт байроғин кўзига суртиб.
Ватанга суянгин, ўғлим!
Бу ҳикматни дилга тугиб ол:
“Элим, деган кўрмагай завол!”
Шу тупроқда топгайсан камол,
Сен Ватанга суянгин, ўғлим!
Елка тутсанг, қуламас тоғ у,
Ниҳол эксанг, қуримас боғ у.
Кундир, ойдир сочгувчи ёғду,
Сен Ватанга суянгин, ўғлим!
Кўктерак бўл тўзонга қалқон,
Ёв йўлатмас, норғул паҳлавон.
Керак бўлса берайин деб жон,
Сен Ватанга суянгин, ўғлим!
Сен кетмасанг – у тарк этмайди,
Шарбат тилаб, оғу тутмайди,
Сиринг олиб, сиринг сотмайди,
Сен Ватанга суянгин, ўғлим!
Кон қазигин оташда ёниб,
Гил ичидан олтинни таниб,
Чўққиларга чиқсанг қийналиб,
Сен Ватанга суянгин, ўғлим!
Ётар бунда қанча буюк зот,
Элим деган, бағри куюк зот.
Юртни сотма, элга бўлма ёт,
Сен Ватанга суянгин, ўғлим!
Бир ўмрови ўрмон, бири боғ,
Кўкси буғдой, гарданида тоғ.
Инграр ҳатто узилса япроқ,
Сен Ватанга суянгин, ўғлим!
Бир ушоқни топса чумоли,
Инга ташир етганча ҳоли,
Чумолича бўлмадинг ҳали,
Сен Ватанга суянгин, ўғлим!
Юртнинг кўрки – сенга салобат,
Элнинг тинчи – жонингга роҳат,
Насиҳатим унутма фақат,
Сен Ватанга суянгин, ўғлим!
* * *
Отам лойин қорган пахса деворда
Панжасин изи бор, ҳамон кетмайди,
Шундай мустаҳкамки, пўлатдан маҳкам
Ёмғирлар ювмайди, шамол ўтмайди.
Билмадим, пешона терига қўшиб,
Меҳр нурларидан қўйганми тиклаб.
Дарз кетмай туради, ўтди неча йил...
...Ғиштин деворлар-да кетмоқда нураб.
Кафтимни босаман кафтлар изига,
Дилимни қийнаса ҳасрату ситам.
Бошимни қўйган дам, жоним тин олар,
Ватанга айланиб қолгандай отам!..
Мунаввар УСМОНОВА,
шоира