Йўлсоз корхоналар учун янги имтиёзлар
Миллий матбуот марказида маблағларни бошқариш, солиқ солиш ва бухгалтерия ҳисоби бўйича долзарб масалаларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Миллий матбуот марказида маблағларни бошқариш, солиқ солиш ва бухгалтерия ҳисоби бўйича долзарб масалаларга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компаниясининг ҳудудлардаги 215 корхонаси вакиллари иштирок этди.Семинарни ўтказишдан мақсад “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси таркибига кирадиган корхоналар раҳбар ва масъул ходимларини молиявий ҳисоботларни юритиш ва солиқ солиш масалаларида хато ва камчиликларга йўл қўймаслик учун қонунчиликка киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар билан таништиришдир. Жумладан, Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 3 мартда қабул қилинган “Қурилиш ташкилотларини янада ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ соҳа корхоналарига тақдим этилаётган кенг кўламли имкониятлар, имтиёз ва преференциялар муҳокама этилди.
– Айни пайтда мамлакатимиз автомобиль йўлларининг узунлиги 184 минг километрдан зиёд, – дейди “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси бошқарма бошлиғи Д.Турсунов. – Шунинг 42 минг километрдан ортиғига компаниямиз томонидан хизмат кўрсатилмоқда. Ҳудудларда 57 туман бўлими мавжуд бўлиб, улар ягона автомобиль йўли тармоғида транспорт воситаларининг узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш борасида самарали фаолият кўрсатмоқда. Шу боис мазкур корхоналар маблағларини бошқариш ва уларни солиққа тортиш масаласи долзарб аҳамиятга эга.
Семинарда автойўл корхоналарини янада ривожлантириш масаласига бағишланган маърузалар тингланди. “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси тузилмасидаги корхоналар вакиллари қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришлар хусусида батафсил маълумот олди.
– Тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, давлатимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши самарасида жорий йилда бир миллиард сўмдан ортиқ маблағни тежашга эришилди, – дейди “Сирдарёавтойўл” ҳудудий йўл-эксплуатация ташкилоти бош иқтисодчиси К.Ўрозбоев. – Иқтисод қилинган маблағ ҳудудимиздаги йўлларнинг ҳолатини янада яхшилашга йўналтирилади. Бундан ташқари, 37 янги махсус машина олдик.
Тадбир якунида “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси мутахассислари корхоналар вакилларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.