Йўлдошлар – қўлдошлар, қардошлар – қурдошлар
Қозоғистонда Ўзбекистон йили! Ўзбекистонда Қозоғистон йили! Бундай тантаналарнинг нишонланиши уч йил олдин ҳатто тасаввурга ҳам сиғмас эди.
Ўзбекистонда Қозоғистон йили
Қозоғистонда Ўзбекистон йили! Ўзбекистонда Қозоғистон йили! Бундай тантаналарнинг нишонланиши уч йил олдин ҳатто тасаввурга ҳам сиғмас эди. Ана шу қисқа вақт ичидаги улкан эврилишлардан сўнг 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили муваффақиятли кечди. Бу йил эса Ўзбекистонда Қозоғистон йили ҳам баракали, самарали ўтмоқда.
Янги тарих дебочаси
Дарвоқе, ўзаро муносабатлар қайтадан ва тубдан янгиланишининг дебочаси яқин ва янги тарихга бориб боғланади. 2018 йил 15 март. Ҳа, айнан шу сана Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари тарихига янги ҳамда унутилмас саҳифа бўлиб муҳрланди. Чунки чорак аср давомида ушбу икка қардош мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқалар деярли узилиб қолган эди. Эндиликда ёндош ҳамда забондош юртларнинг қондош, жондош халқларига бутун бошли йиллар бағишланаяпти.
Ўшанда Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўзаро кўп йиллик самарали ҳамкорлиги тарихида биринчи марта бўлиб ўтаётган Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилиши икки халқ ўртасидаги ҳақиқий йўлдошлик – қўлдошлик ва қардошлик – қурдошлик муносабатларининг ёрқин ифодаси эканлигига алоҳида урғу бериб, жумладан, шундай деди: “–Яратганнинг ўзи бизларга қўшни бўлишдек бебаҳо неъматни ато этгандир. Ўзимизнинг донишманд ота-боболаримиз: «Ҳовли олма – қўшни ол!» – дея бежиз айтишмаган. Бизлар азал-азалдан битта заминда, бир қуёш остида яшаб келмоқдамиз, бизларнинг илдизларимиз биттадир.
...Айнан ана шу нуқтаи назардан қараганда, кейинги пайтларда сиёсий иродамиз ва ўзаро интилишларимиз туфайли дўстлик-биродарлик ҳамда яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлигимизнинг барча йўналишлари бўйича, ҳақиқатан ҳам, беқиёс натижаларга эришдик».
Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев ҳам Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг тантанали очилиши маросимидаги нутқида юқоридаги ижобий жиҳатларни алоҳида эътироф этди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг минтақалараро дўстлик алоқалари яхшиланишидаги ичзил саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. Бундай эзгу интилишга ҳурмат, эҳтиром сифатида уни Қозоғистон Республикасининг олий давлат нишонларидан саналган биринчи даражали «Дўстлик» ордени билан мукофотлади.
Мана шу тарихий воқеа арафасида Ўзбекистон Республикасининг Президенти «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнанбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида»ги қарорни имзолагани ўзбек ҳамда қозоқ миллатларининг адабиёти дўстлигини янада мустаҳкамлади. Бундай юксак эътиборга жавобан Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистонда Абай ҳайкали бўлгани каби Остонада (ҳозирги Нур-Султон) ҳам буюк ўзбек мутафаккири Алишер Навоий ҳайкалининг ўрнатилиши ва 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтказилишини маълум қилди.
Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг нишонланиши муносабати билан кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Масалан, Олмаота шаҳрида ўзбек адабиёти кунлари ўтказилди. Ўзбек Миллий академик драма театри ижодкорлари Чимкент шаҳрига сафар қилди. Остона шаҳрида ўзбек аёлларининг миллий либослари ва халқ амалий санъати намойиши, китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон фольклор жамоаларининг Туркистон шаҳрига, шунингдек, Республика ёш томошабинлар театри жамоасининг Алмати шаҳрига ижодий сафарлари уюштирилди. Тароз, Чимкент, Қизилўрда, Туркистон шаҳарларида ўзбек киноси кунлари, бадиий жамоалар ва эстрада ижодкорлари иштирокида «Ош фестивали» нишонланди. Буларнинг бари халқларимиз бирлиги, маданий яқинлигини яна бир бор исботлади.
2019 йил 15 апрель
Шу куни Тошкент шаҳридаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Қозоғистон Республикасининг Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистонда Қозоғистон йили нишонланишининг очилишига бағишланган тантана бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон давлати раҳбарининг қуйидаги фикрлари ҳар икки давлат вакилларини тўлқинлантириб юборди: «– Бизларни ягона илдизга эга бўлган тил, битта дин, умумий тарих ҳамда туташ тақдирлар жипслаштиргандир. Айни боисдан, ўзимизнинг халқларимиз қадим ва буюк Марказий Осиё тамаддунининг ворислари бўлиб ҳисобланишади. Бизлар биргаликда бисёр мураккаб ва қийин синовлардан ўтганимиз ҳолда, аждодларимизнинг анъаналари, қадриятлари ҳамда миллий-маънавий меросларини асраб қолишга эришдик».
Ҳа, ҳақиқатдан ҳам шундай. Энг муҳими, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамжиҳатликда, ҳамкорликда ана шу йўлда янада дадил, янада қатъий давом этаяпти. Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг ўтказилиши билан боғлиқ дастурлар сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликлар бўйича турли йўналишлардаги 85 та оммавий тадбирларни қамраб олгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Шу пайтгача уларнинг аксарияти амалга оширилди. Масалан, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги ҳузуридаги қўлёзмалар ҳамда ноёб китоблар маркази билан Ўзбекистон Республикаси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти ва Ислом академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳамда тажрибалар алмашиш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Қозоғистон Республикаси Миллий кутубхонаси ҳамда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси шафелигида «Қозоғистон – Ўзбекистон: ҳамкорликнинг янги уфқлари» китоблар кўргазмаси очилди. Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси қўллаб-қувватлови билан қозоғистонлик таниқли рассомларнинг бадиий кўргазмалари ташкил қилинди.
Айни кунларда ҳам Ўзбекистонда Қозоғистон йили қизғин давом этмоқда. Икки томонлама ҳамкорлик, ҳамдамлик, бирдамлик, дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган бундай яқин муносабатлар шу билан тугамайди. Чунки ўртадаги азалий дўстлик, ишонч ришталари абадий боғланган.
Бердиёр ЖУМАЕВ,
халқаро журналист